Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда «ақлли зебра» тизими синов тариқасида ишга туширилди
Тошкент шаҳрида пиёдалар хавфсизлигини ошириш мақсадида янги авлод RRFB (Rectangular Rapid Flashing Beacon) технологияси синов тариқасида жорий этилди. Янги тизим ҳайдовчиларни пиёдалар ўтиш жойи ҳақида олдиндан огоҳлантириш орқали йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга қаратилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Мирзо Улуғбек туманидаги Осиё кўчасида RRFB — юқори интенсивликдаги огоҳлантирувчи маёқлар тизимини янги турдаги фаол йўл белгилари билан уйғунлаштирган ҳолда синов тариқасида ишга туширди.
Мазкур технология ҳайдовчилар пиёдалар ўтиш жойини қайси қатор ёки қайси йўналишда ҳаракатланаётганидан қатъи назар, узоқ масофадан аниқ кўриши учун ишлаб чиқилган. Тизим асосан транспорт оқими паст ва ўртача бўлган кўчаларда қўллашга мўлжалланган.
Лойиҳа доирасида огоҳлантирувчи сигнал чироқлари йўлнинг икки четида, ажратувчи қисмида ҳамда қатнов қисми устидаги баланд конструкцияга ўрнатилган. Бу эса пиёдалар ўтиш жойининг ҳайдовчиларга ҳар қандай нуқтадан яхши кўринишини таъминлайди.
Шунингдек, йўлнинг икки томонида чақирув тугмалари билан жиҳозланган устунлар ўрнатилган. Пиёда тугмани босган заҳоти устунлардаги ёрқин сариқ сигнал чироқлари ишга тушиб, ҳайдовчиларни пиёдаларнинг йўлни кесиб ўтиш нияти ҳақида огоҳлантиради.
«Пиёдалар ўтиш жойи» йўл белгиси ҳам ёруғлик тарқатувчи махсус қути шаклида тайёрланган бўлиб, айниқса кечки ва тунги вақтда унинг узоқдан яхши кўринишини таъминлайди.
АҚШ Федерал автомобил йўллари бошқармаси (FHWA) тадқиқотларига кўра, RRFB тизими ўрнатилган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бериш даражаси ўртача 18–30 фоиздан 98 фоизгача ошиши мумкин. Шунингдек, ёрқин чақнама сигналлар ҳайдовчиларга тезликни олдиндан пасайтириш имконини бериб, кескин тормоз бериш ҳолатларини камайтиради.
Бу Ўзбекистон йўл инфратузилмасида RRFB технологиясини пилот тартибда жорий этиш бўйича илк лойиҳалардан бири ҳисобланади. Синов натижалари асосида тизимнинг пиёдалар хавфсизлигини таъминлашдаги амалий самарадорлиги баҳоланади.
Мавзуга оид
09:29 / 03.04.2026
Шота Руставели кўчасида автобус пиёдани уриб юборди
19:50 / 12.01.2026
Фарғонада “права”сиз аёл уч одамни уриб юборди, бир киши тўшакка михланди: жабрланувчилар суд ҳукмидан норози
14:00 / 15.12.2025
Самарқанд дарвоза—Қоратош чорраҳасида Lacetti пиёдани уриб юборди
13:15 / 03.12.2025