Light | 19:34 / 18.09.2020
79668
6 дақиқада ўқилади

Мавсум бўсағасида: грипп ва ЎРВИдан қандай ҳимояланиш керак?

Совуқ туша бошлаши билан нафас йўлларининг юқумли касалликлари авж ола бошлайди. Иммунитет мустаҳкамлигини сақлаб қолиш муҳим бўлган ҳозирги пандемия шароитида бундай касалликларга рўбарў бўлмаслик учун нималарни билиш керак?

Совуқ мавсумда учрайдиган асосий юқумли касалликлар бу – грипп ва ЎРВИ (ўткир респиратор вирусли инфекция) саналади. Ўхшаш жиҳатлари кўп бўлса-да, бу иккиси бошқа-бошқа касаллик.

Грипп – юқумли респиратор касаллик, қўзғатувчиси – грипп вируси. Қишда ва эрта баҳорда кўп кузатилади.

ЎРВИ – ўткир респиратор вирусли инфекциялар гуруҳи. Бу гуруҳга респиратор-синцитиал инфекция, риновирус, аденовирус ва юқори нафас йўлларининг бошқа инфекциялари киради.

Ҳар икки касаллик ҳам ҳаво-томчи йўли орқали ва бемор билан контактга киришганда юқади. Икковининг белгилари жуда ўхшаш, аммо грипп хавфлироқ.

ЎРВИнинг асосий белгилари:

  • бурун битиши;
  • томоқдаги оғриқ ва йўтал;
  • аксириш.

Гриппнинг асосий белгилари:

  • бир неча кун давом этувчи юқори иситма;
  • тананинг қақшаб оғриши;
  • яққол намоён бўлувчи ҳолсизлик.

Ҳар икки касалликда ҳам йўтал, бош оғриғи ва ҳолсизлик кузатилади.

ЎРВИ ва гриппнинг намоён бўлишидаги асосий фарқ – гриппда тана ҳароратининг кескин кўтарилиши кузатилади.

ЎРВИ ўз вақтида тўғри даволанса, асоратларсиз кечади. Аммо гриппнинг оғир шаклларида асоратлар, хусусан, пневмония юзага келиши мумкин.

Грипп оғир шаклга ўтмаслиги ва асорат қолдирмаслиги учун қуйидаги ҳолатларда шифокорга мурожаат қилиш шарт.

Болаларда – нафас олишнинг тезлашиши, рангпарлик ёки теридаги кўкимтирлик, сув ичишдан бош тортиш, узоқ вақт ухлаш, жиззакилик, озгина тузалишдан кейин касаллик белгиларининг бирданига қайталаниши, тошма билан кечувчи иситма кузатилса.

Катталарда – нафас олишнинг қийинлашуви ва нафас етишмовчилиги, кўкрак ва қорин қисмидаги оғриқ, тўсатдан кузатилувчи бош айланиши, кучли ва давомли қусиш, тафаккурнинг хиралашуви, касаллик енгиллаша бошлаганда яна белгиларнинг пайдо бўлиши.

Грипп ва ЎРВИ ёш, жинс, ирқ танламаган ҳолда барча учун бирдек хавфлидир. Шунга қарамай, уни юқтиришда асосий хавф гуруҳига қуйидагилар киради:

  • 65 ёшдан ошган кексалар;
  • кичик ёшдаги болалар;
  • ҳомиладорлар;
  • юрак-қон томир касалликлари, астма, қандли диабет ва бошқа сурункали касаллиги бўлганлар;
  • иммунитети заифлашган кишилар (саратон, ОИВ инфекцияси).

Касалликнинг кечиши

Вирусли юқумли касалликларнинг инкубацион (белгиларсиз) даври 2–5 кун давом этиши мумкин. Кейин эса касалликнинг клиник белгилари яққол кўзга ташлана бошлайди.

Касалликнинг кечиш даражаси беморнинг ёши, иммунитети, хасталик қўзғатувчиси бўлган вирусга нисбатан антитаначанинг бор-йўқлигига боғлиқ.

Қандай ҳимояланиш мумкин?

Шахсий гигиена

Кўплаб касалликлар кир қўллардан бошланади. Эшик тутқичлари, жамоат жойларидаги очиқ юзаларга теккандан сўнг қўлларни совунлаб ювиш, антисептикдан фойдаланиш муҳим.

Шунингдек, бемор одам билан контактда бўлиш ҳам касаллик юқишининг асосий йўлларидан бири. Шу боис грипп белгилари кўриниб турган шахс билан алоқага киришмаслик, уни яккалаш мақсадга мувофиқ.

Бурунни чайиш

Ўткир респиратор вирусли инфекциялар ҳаво-томчи йўли билан юқиши боис бурун бўшлиғи касаллик учун дарвоза вазифасини бажариши мумкин.

Шунинг учун касаллик мавсумида бурунни чайиб туриш мақсадга мувофиқ. Бир литр қайнатилган сувга 1 ошқошиқ ош тузини эритиб, шу сув билан бурунни чайиш керак. Бунда: сув кафтга олиниб буруннинг бир тешиги билан нафас орқали тортилади. Кейин сув тортилган тешикни бармоқ билан ёпиб, нафас чиқариш орқали иккинчи тешикдан сув чиқариб ташланади.

Ниқоб тақиш

Кўча-кўйда ЎРВИ билан касалланганлар аксирганда, йўталганда ҳавога тарқалувчи вирусларга нишон бўлмаслик учун мавсум чоғида жамоат жойларида ниқобда юриш тавсия этилади. Имкони борича жамоат жойларида юрмаслик эса энг яхши профилактика.

Нам тозалаш

Вируслар қуруқ ва иссиқ муҳитда яхши ривожланади. Шу боис хонада вақти-вақти билан нам тозалаш ишларини олиб бориш, шамоллатиш керак.

Ва албатта, соғлом овқатланиш, жисмоний фаоллик, ўз вақтида уйқу режимига риоя қилиш профилактиканинг ажралмас қисмидир.

Вакцина

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти мавсумий юқумли касалликлардан, хусусан, гриппдан ҳимояланишда энг яхши восита сифатида эмлашни тавсия этади. Мавсум аввалида гриппга қарши вакцина олиш уни юқтириш эҳтимолини 90 фоизга, оғир кечиш эҳтимолини эса 60 фоизга қисқартиради. Эмлашнинг кузнинг аввалида олиш мақсадга мувофиқ, чунки касаллик кенг тарқалган давр ноябрь-март ойларига тўғри келади.

Даволаниш

Ҳар бир организм индивидуал ва касалликни ўзига хос тарзда кечиради.

Мавсумий грипп ва ЎРВИни даволашда қуйидаги умумий тавсияларга риоя этиш муҳим:

  • Ётоқ режимига қатъий риоя қилинг.
  • Кўпроқ суюқлик (қайнатилган сув, лимонли/малинали/асалли чой) ичинг.
  • Тана ҳароратини доимий назорат қилиб туринг.
  • Таомномага эътибор қаратинг: С, А, Е, D3 витаминлари ва бета-каротинга бой маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилинг. Булар: цитрус мевалари, қизил булғор қалампири, брокколи карами, карам, наъматак, резавор мевалар, балиқ, жигар, сариёғ, тухум сариғи, сабзи, исмалоқ, қовоқ, ёнғоқ, ўсимлик мойлари.
  • Иштаҳангиз бўлмаса ҳам овқатланинг.
  • Бемор ётган хона тез-тез шамоллатилиши ва нам тозалаш ишлари олиб борилиши керак.

Қандай дориларни қабул қилиш борасида эса оилавий шифокорингиз билан маслаҳатлашган ҳолда иш тутинг!

Мавзуга оид