Танлов жараёни «аввал тест — сўнг танлов» тамойили асосида амалга оширилади. Бунда абитуриентлар тест топширган фанлар мажмуаси ва таълим тилига мос равишда 5 тагача олий таълим ташкилоти ва бакалавриат таълим йўналишини танлаши мумкин.

Шунингдек, ҳар бир йўналиш бўйича кундузги, кечки ёки масофавий таълим шаклларини белгилаш имконияти мавжуд. Йўналишларни битта ОТМ доирасида ёки турли олий таълим ташкилотлари кесимида танлаш мумкин.

Танловни амалга ошириш учун абитуриент my.uzbmb.uz платформасига кириб, «Олий ва касбий таълим ташкилотларига қабул» бўлимини танлаши керак. Шундан сўнг «Хизматдан фойдаланиш» ва «ОТТ танлаш» тугмалари орқали танлов жараёнига ўтилади.

Абитуриент дастлаб танлов устуворлигини, мавжуд бўлса, мақсадли қабул бўйича танловни белгилайди. Кейин фанлар мажмуасига мос таълим йўналишлари ва таълим шакллари танланиб, маълумотлар сақланади.

Танловни тасдиқлаш учун телефон рақамига юборилган СМС-кодни киритиш талаб этилади. Шундан сўнг «Абитуриент қайд варақаси» шаклланади. Уни юклаб олиб, сақлаб қўйиш тавсия этилган.

Абитуриентлар танловга оид маълумотларини 8 августга қадар исталган вақтда ўзгартириши мумкин. Белгиланган муддат якунланганидан кейин киритилган маълумотларга ўзгартириш киритиш имкони бўлмайди.

Йўналишларни танлашда фақат ўтган йилги ўтиш балларига таяниш эмас, балки абитуриентнинг ўз балли, қизиқишлари ва келгусидаги касбий режаларини ҳам ҳисобга олиш тавсия қилинган.