Ўзбекистон | 10:21 / 20.09.2020
34113
2 дақиқада ўқилади

Иккинчи томоннинг жавоби кутилмоқда – Азиз Абдуҳакимов Россия билан авиақатновларни тиклаш бўйича музокаралар ҳақида

Бош вазир ўринбосари, Республика махсус комиссияси аъзоси Азиз Абдуҳакимов Kun.uz мухбири билан суҳбатда Россия билан авиақатновларни тиклаш бўйича музокаралар ҳақида гапирди.

«Россия Федерация билан Ўзбекистон ўртасидаги мунтазам авиақатновларни тиклаш бўйича Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги Россия Федерацияси Транспорт вазирлиги ҳамда Авиация ҳукуматлари билан бир неча бор музокаралар олиб борди. Бироқ Россия Федерациясининг коронавирус пандемиясига қарши кураш бўйича Махсус комиссияси ушбу таклифни рад этди. Россия Федерацияси Махсус комиссияси бу ҳолатни хориждан кириб келувчи йўловчилар ҳажми кўпайиши оқибатида мамлакатда эпидемиологик ҳолат издан чиқиши мумкинлиги билан изоҳлади.

Шунга қарамасдан Россия авиация ҳукумати ҳамда Россия Транспорт вазирлиги Ўзбекистон Транспорт вазирлиги томонидан юборилган мурожаатнома асосида Россия Махсус комиссиясига тақдимнома киритди. Ҳозирда Россия Махсус комиссиясининг қарори кутилмоқда», деган у.

Куз мавсуми кириб келгани ҳамда ҳаво ҳарорати пасайиб бораётганини инобатга олган ҳолда Россияда қолган ўзбекистонликлар мамлакатга олиб келинишини тезлаштириш мақсадида мунтазам авиақатновлар тиклангунига қадар Республика махсус комиссияси топшириғига биноан Транспорт вазирлиги томонидан Россия шаҳарларига бўлган чартер авиақатновлари сони оширилган.

Хусусан:

  • Тошкент-Москва йўналиши кунига 2 марта;
  • Тошкент-Санкт-Петербург йўналиши кунига 1 марта;
  • Тошкент-Ростов йўналиши ҳафтасига 3 марта;
  • Тошкент-Самара йўналиши ҳафтасига 2 марта;
  • Тошкент-Новосибирск йўналиши ҳафтасига 1 мартадан;
  • Тошкент-Владивосток йўналиши ҳафтасига 1 мартадан;
  • Тошкент-Қозон йўналиши ҳафтасига 1 мартадан;
  • Тошкент-Екатеринбург йўналишида 2 ҳафтада 1 мартадан.

Бундан ташқари, фуқаролар олиб келиниши учун биргина сентябрь ойининг ўзида Россиянинг бир неча авиакомпанияларига улар юборган сўровномалар асосида мамлакатнинг барча аэропортларига 80дан ортиқ чартер авиақатновларни амалга оширишга рухсат берилган.

«Ҳозирда РФ билан Қозоғистон чегара ҳудудида тўпланиб бораётган Ўзбекистон фуқароларини олиб келиш учун чартер поезд қатновлари амалга ошириб келинмоқда. Шунингдек, Қозоғистоннинг РФ билан чегарадош ҳудудлардаги фуқароларимизни олиб келиш бўйича чартер автобус қатновларини амалга оширишга келишиб олинди», деган Азиз Абдуҳакимов.

Мавзуга оид