Иқтисодиёт – кўпчилик учун тушунарсиз ва мураккаб соҳа. Аммо айнан мана шу мураккаблик баҳонасида нафақат аҳолининг, балки лавозим эгаларининг ҳам иқтисодий саводхонлиги пастлиги бир қатор сиёсий муаммоларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Нотўғри иқтисодий қарорлар мамлакат аҳолисининг турмуш фаровонлигига таъсир кўрсатишдан тортиб, йирик инқирозларга ҳам олиб келиши мумкин.

Америкалик Ҳенри Ҳэзлитт «Бутун иқтисодиёт битта дарсда: иқтисодиёт асосларини тушунишнинг энг қисқа ва ишончли усули» (Economics in One Lesson: The Shortest and Surest Way to Understand Basic Economics) китобида иқтисодиётни содда тилда тушунтиришга ҳаракат қилади.

Kun.uz’нинг фойдали адабиётлар, илмий-оммабоп китобларнинг энг асосий мазмунини конспект ҳолида бериб борилувчи рукнида бу гал иқтисодий механизмларнинг қандай ишлаши Ҳэзлитт нуқтайи назаридан баён этилади.

Ҳэзлиттнинг таъбирича, ҳар бир фуқаро иқтисодиётни базавий даражада бўлса-да тушуниши шарт, акс ҳолда давлат уни қай томонга бошлаётганини билмайди. Иқтисодий фаровонликка бир ҳовуч кишилардан ташкил топган давлат аппаратининг қарорлари билан эмас, ҳар бир фуқаронинг иқтисодий жараёнлардаги онгли иштироки билан эришилади.

Синиқ ойна ҳақидаги янглиш хулоса

Ҳақиқий қийматга эга нарсанинг сабабсиз йўқ қилиниши соф зиён ҳисобланади. Аммо ҳар доим ҳам бундай бўлмаслиги мумкин.

Тасаввур қилинг, болакай новвойхона деразасини тош билан уриб синдирди. Ойна синди, новвойнинг жаҳли чиқди, чунки у зарар кўради. Аммо ҳодисага бошқа нуқтайи назардан қаралса, синган ойна ойнасозга иш пайдо қилади. У ойнани тузатишдан топган 100 минг сўмга нимадир харид қилади, ўз навбатида, сотувчи ҳам савдодан келган 100 минг сўмни қаергадир сарфлайди. Қарабсизки, жамиятда пул ҳаракатининг занжири ҳосил бўлади. Келиб чиқадики, синган ойна пулни ҳаракатга келтирди, бир неча кишининг бандлигини таъминлади, бунга эса безори болакай сабаб бўлди.

Тўғри, ўртада новвой зарар кўрди. Ойнани тузатиш учун сарфланган 100 минг сўмга янги кийим олиши мумкин эди. Ҳам бутун ойнали, ҳам кийимли бўлишнинг ўрнига унда ҳозир фақатгина ойна бор. Устига-устак, унга кийим тикиб бериши мумкин бўлган тикувчи ҳам буюртмасиз қолди. Унинг пули ойнасозга кетди.

Масаланинг моҳияти шундаки, бир қарашда безорилик новвойга фақатгина зарар келтиргандек, ваҳоланки, у қанча одамга фойда ҳам келтирди. Иқтисодиётда ҳам худди шундай – ёмон иқтисодчи фақатгина саҳнадаги ҳаракатларни баҳолайди, яхшиси эса саҳна ортидагиларини ҳам кўра олади.