Тараққиёт нафақат илғор ғояларни, балки эскириб қолган тартиблар, бюрократик ғов ва тўсиқлардан ўз вақтида воз кечишни ҳам тақозо қилади. Ортиқча юкдан халос бўлиш ҳаракатни енгиллаштирганидек, ортиқча ҳужжатлардан воз кечиш шиддатли ислоҳотларни амалга ошираётган институтлар, тузилмаларга асосий кучни мақсадли ва самарали сафарбар қилиш имконини беради.

Сир эмас, барча соҳаларни ислоҳ қилишга қаратилган дастурларни амалга ошириш қонун ҳужжатлари сонининг янада ортишига олиб келди. Ҳужжатларининг кўплиги, тарқоқлиги амалиётда уларни тушунишни қийинлаштириб, ҳуқуқий тафовут ва коллизияларга йўл очмоқда, ҳаддан ташқари тартибга солиш ва бюрократияга замин яратмоқда.

Мазкур муаммони ҳал қилиш учун халқаро тажрибада “тартибга солиш гильотинаси” усулидан фойдаланилади.

“Тартибга солиш гильотинаси” нима?

 “Тартибга солиш гильотинаси” амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш ва қайта кўриб чиқиш орқали уларни саралаш, тасдиқлаш, ўзгартириш ёки бекор қилиш демакдир.

Яъни иқтисодий ривожланиш стратегияси, қонунийлиги ва зарурати нуқтаи назаридан асоссиз бўлган, шунингдек, қонуний ва зарур ҳисобланса-да, жамият ва бизнес учун қулай бўлмаган ҳар қандай тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатни максимал даражада соддалаштириш “тартибга солиш гильотинаси”нинг асосий тамойиллари ҳисобланади.

Жаҳон тажрибасидан муваффақиятли ўтган

Швеция, Жанубий Корея, Қозоғистон, Хорватия, Сербия, Босния, Буюк Британия, Мексика, Вьетнам, Миср, Кения каби давлатлар қонунчилигида бу метод амал қилади.

Япония тажрибаси тартибга солиш чораларини синовдан ўтказиш ёки маъмурий харажатларни камайтириш мақсадида “махсус ҳудудий зоналар”ни шакллантирган. Aвстралияда 2003 йилда “Қонунчилик воситалари тўғрисида”ги (Legislative Instruments Act 2003, LIA) қонун қабул қилинган.

Жанубий Кореяда 1998 йили “тартибга солиш гильотинаси” лойиҳасини амалга ошириш, шунингдек, тартибга солишни ислоҳ қилиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш учун тўғридан-тўғри мамлакат Президенти олдида ҳисобдор бўлган Қўмита ташкил этилган. Мексикада ҳам 1989 йили Иқтисодий дерегуляция бўлими томонидан “тартибга солиш гильотинаси” лойиҳаси амалга оширилган.

 Бу бизга нима беради?

Ҳозирга қадар мамлакатимизда яхлит 728 Қонун, 423 та Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, 2538 та Президент фармонлари, 2699 та Президент қарорлари, 10245 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва 1895 та идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Бундан ташқари ҳар бир ҳудудда кўп сонли маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари мавжуд.