Вазирлар Маҳкамасининг “Тиббиёт ва фармацевтика олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида кредит-модул ўқитиш тизимини жорий этиш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди. 

Ўрта махсус профессионал таълим муассасалари ўқувчилари, олий таълим муассасалари бакалавриат ва магистратура талабалари, бирламчи мақсадли ихтисослаштириш курсларида тингловчилари ҳамда клиник ординатор (резидент)лар билимини назорат қилиш ва баҳолашнинг мақсади — юқори малакали, рақобатбардош, соғлиқни сақлашнинг замонавий халқаро стандартларга жавоб бера оладиган тиббиёт кадрларни тайёрлаш ҳамда таълим олувчиларда мустақил таълим олиш, таълим сифатини бошқарган ҳолда тиббиётнинг тегишли соҳаларида амалий кўникмаларни ҳосил қилиш ва ривожлантириш, талабаларнинг модулларни ўзлаштиришида бўшлиқлар ҳосил бўлишининг олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этишдан иборат.

Кредит-модул ўқитиш тизими ўқув жараёнининг қуйидаги шаклларидан иборат:

аудитория машғулотлари - маъруза, назарий, амалий, семинар, лаборатория машғулотлари, ўқув (клиник) амалиёти;

аудиториядан ташқари машғулотлар - илмий кутубхонада ишлаш, мустақил ишлар, индивидуал маслаҳатлар, клиник вазифалар, ишлаб чиқариш (малака) амалиёти, курс иши (лойиҳаси), битирув малакавий иши,таълим олувчилар илмий анжуманларда қатнашиши, магистратура мутахассисликларида илмий фаолият турлари ва ҳ.к.

Модуллар қуйидагилар орқали амалга оширилади:

кредит бирликларини ҳисобга олган ҳолда ўқув режадаги ҳар бир модули учун дастурлар;

ҳар бир модулнинг аудитория иши: маърузаларнинг матн ва презентациялари, назарий, амалий, семинар ва лаборатория машғулот режалари, мультимедиа билан таъминлаш, амалий кўникмаларни ва компетенцияларни ўзлаштириши учун жиҳоз ва симуляторлар (тренажёрлар);

таълим олувчиларнинг мустақил ишлаши: уй вазифаси учун матнлар тўплами, ҳар бир модул учун ўз-ўзини назорат қилиш материаллари, реферат ва курс иш (лойиҳа)лари мавзулари, электрон кутубхона, видеотека (видео кутубхона), амалий кўникмалар ва компетенцияларни ўзлаштириши учун жиҳоз ва симуляторлар (тренажёрлар);

таълим олувчилар билимини назорат қилиш: тестлар, ҳар бир модул учун назорат саволлари, жумладан, объектив тизимлаштирилган клиник имтиҳон (ОSCE), объектив тизимлаштирилган имтиҳон (ОSE) ва бошқалар учун топшириқлар;