Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги Azzaman нашрида эълон қилинган мақолага таяниб хабар берди. Мақолада қайд этилишича, ушбу чора-тадбирлар президент Шавкат Мирзиёевнинг соғлиқни сақлаш ва фармацевтика соҳаси вакиллари билан учрашувида маълум қилинган.

Ўзгаришлар аҳолига бирламчи тиббий-санитария ёрдамини кенгайтириш, касалликларни эрта аниқлаш ва даволаниш билан боғлиқ харажатларни камайтиришга қаратилган.

Ислоҳотлар доирасида оилавий поликлиникалар фаолияти такомиллаштирилади, янги лабораториялар ташкил этилади. Шифокор ва ҳамшираларнинг малакасини ошириш ҳам кўзда тутилган. 2027 йил давомида янги тизимни яна 15 та туманда жорий этиш режалаштирилмоқда.

Саратон ва юрак-қон томир касалликларини барвақт аниқлаш дастурлари ҳам кенгайтирилади. Бу орқали касалликлар туфайли юзага келадиган эрта ўлим ҳолатларини 15 фоизга камайтириш мақсад қилинган. Дастурни амалга ошириш учун 200 миллиард сўм ажратилади.

Соғлиқни сақлаш тизимида «Даволашдан профилактикага» тамойилини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратилади. Шу билан бирга, тиббиёт муассасаларида хизмат кўрсатиш сифати, беморлар хавфсизлиги ва санитария талабларига риоя этишни яхшилаш чоралари кўрилади.

Тиббиёт ходимларини рағбатлантириш учун «Энг яхши шифокор» ва «Энг яхши ҳамшира» танловлари ташкил этилади. Ғолибларга 100 миллион сўм миқдорида пул мукофотлари бериш, 2027 йилда эса вилоят босқичи ғолибларини электромобиллар билан тақдирлаш режалаштирилган.