Ҳозирги кунда имтиҳонда тушаётган масалалар абитуриентдан нафақат назарий билим ва тест ечиш маҳоратини, балки калькуляторсиз ҳисоблаш, кучли хотира ва тезликни ҳам талаб қилади. Кўпчилик абитуриентлар ўзларига мос таълим масканини топа олмаганликлари сабабли, кимёни бир неча йилдан бери ўрганишларига қарамай тест ечишни ўргана олишмайди.
Айнан шундай абитуриентлар учун «ОПТИМАЛ ТАЪЛИМ» ўқув маркази индивидуал ёндашувни таклиф қилади.
Марказнинг кимё фани ўқитувчиси Жамшид Қаюмовнинг сўзларига кўра, абитуриентларни уларнинг феъл-атвори ва маълумотни қабул қилиш усулига қараб гуруҳларга бўлиб ўқитиш – энг самарали усуллардан бири ҳисобланади, чунки турли феъл вакиллари турлича ўқув методи ва ёндашувни талаб қилади.
«Биламизки, инсон темпераменти тўрт хил бўлади: холерик, меланхолик, сангвиник ва флегматик. Маълумотни қабул қилишига кўра эса уч турга бўлинади: визуал, аудиал ва кинестетик. Мисол учун, бир чизиқ чизиб, холерик инсонга шу чизиқдан ўтмаслик айтилса, у атайлаб чизиқдан ўтиб кўради. Бундай инсонлар масалаларни тенглама усулида яхши ечишади. Холерик ўқувчиларимга масалаларни асосан математик усулда ечишни ўргатаман.
Агар ўқувчи сангвиник бўлса ва унга чизиқни кесиб ўтмаслик айтилса, у барибир чизиқни кесиб ўтади, лекин дарров ортга қайтади ва яна кесиб ўтиш ҳақида ўйлайди. Бундай инсонлар ўзгарувчан бўлиб, турли нарсаларни синаб кўришга қизиқадилар. Сангвиник ўқувчиларга масала ечишнинг турли усуллари кўрсатилади, чунки улар қизиқувчан бўлишади. Улар асосан диагонал усулида масала ечишни ёқтиришади. Биз одатда холерик ва сангвиникларни визуал деган гуруҳда ўқитамиз, чунки уларда кўриб, эслаб қолиш қобилияти кучли ва улар ташқи муҳит билан яхши алоқа қила олишади, яъни инсонлар билан яхши чиқишади ва билмаганларини уялмай сўрай олишади.
Флегматиклар ҳамма ишни қонун-қоида асосида бажаришга ҳаракат қилишади. Одатда биз уларни аудиал гуруҳга қабул қиламиз, чунки уларда эшитиб, эслаб қолиш яхши ривожланган бўлади. Улар бошқаларга ҳам ёрдам беришга мойил бўлишади.
Меланхоликларда ўзига ишонч паст даражада бўлади. Бундай ўқувчилар масала ечишда бирор янги усул топишга қийналишади, топишса ҳам ўзларига ишонишмайди. Уларни холерик ва сангвиниклар билан бир гуруҳда ўқитмаслик керак, чунки сояда қолиб кетишлари мумкин. Меланхолик ўқувчиларни биз алоҳида кинеститиклар гуруҳида ўқитамиз, чунки улар масалани ўзлари ечиб кўриб, бошқаларга тушунтиришса яхши эслаб қолишади», дея Жамшид Қаюмовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.












