Замонавий технологиялар ҳаётимизга борган сари чуқурроқ кириб келяпти. Ҳатто боғча ёшидаги болалар ҳам гаджетлардан бемалол фойдалана олишяпти.

Аммо, зукко болаларнинг технологияга қизиқишларини ҳамма ота-оналар ҳам тўғри йўналтира оляпти, дея олмаймиз. Ваҳоланки, болаларнинг бу қизиқишлари ривожлантирилса, улардан келгусида креатив ақл эгалари, ихтирочилар етишиб чиқиши ҳеч гап эмас.

Шу ўринда, сўнгги йилларда Ўзбекистонда болаларнинг робототехникани ўрганишига имкониятлар пайдо бўла бошлагани кишини қувонтиради.

Биз Тошкентда жойлашган, болаларга робототехника ўқитишга ихтисослашган «ОПТИМАЛ ТАЪЛИМ» ўқув марказининг ёш ўқитувчилари – Бекзод Абдураҳмонов ва Сурайё Жабборова билан суҳбатда бўлиб, кўпчилик ота-оналарни қизиқтириши мумкин бўлган саволларга жавоб олдик.

– Умуман, робототехника ўзи нима ва у болаларга нима беради?

– Робототехника – бу роботлар ва уларни бошқариш, сенсорли алоқа, ахборотни қайта ишлаш учун компьютер тизимларини лойиҳалаш, қуриш, ишлатиш ва улардан фойдаланиш билан шуғулланадиган технологиялар соҳаси.

Робототехникани ўрганишнинг таъсири болаларда қуйидагиларда намоён бўлади:

  • эътиборни ва хотирани кучайтиради;
  • мантиқий ва математик фикрлашни ривожлантиради;
  • бадиий, дизайн жиҳатдан фикрлашни яхшилайди;
  • ўзига ишончни кучайтиради;
  • жамоада ва мустақил равишда ишлашни ўрганади;
  • болаларнинг аниқ фанларни ўзлаштириши осонлашади;
  • IT-соҳасига оид фундаментал билимларни ўзлаштиради;
  • қарор қабул қилиш ва масъулият кўникмаси шаклланади;

Умуман, робототехникани ўрганган бола истиқболли ва ривожланаётган соҳага дастлабки қадамини қўйган бўлади.

– «ОПТИМAЛ ТAЪЛИМ» ўқув маркази нима учун таълим дастурларида бу йўналишга кенг ўрин ажратган?

– «ОПТИМАЛ ТАЪЛИМ»да робототехника курси итальян методи асосида, тажрибали менторлар томонидан олиб борилади. Дарслар инглиз, ўзбек ва рус тилларида ўтилади ва фақат натижа учун ишланади. Ўқувчиларнинг натижаси бу – бизнинг юзимиз.