Фуқаро Отабек Эргашев президентнинг мева-сабзавотчиликни ривожлантиришга доир 2018 йилдаги фармони билан берилган имтиёздан фойдаланган ҳолда, ўз тадбиркорлигини бошлаб олиш учун, 2019 йил 30 сентябрь куни Чехиядан жияни Малик Жумабоев номига VOLVO FH 13 440 42 Т русумли эгарли шатакчи (седельний тягач) ҳамда Икромжон Исаков номига KOGEL S24 русумли яримтиркамани сотиб олиб, Ўзбекистонга келтирган.
Юқоридаги фармон 6-бандининг 4-хатбошисига кўра, тадбиркорлик субъектлари 2019 йил 1 октябрга қадар Ўзбекистон ҳудудига импорт бўйича олиб кирилаётган, мева-сабзавот маҳсулотларини ташишга ихтисослашган транспорт воситалари (ТИФ ТН коддари — 870120, 870421, 870422, 871639) божхона тўловлари ва Республика йўл жамғармасига йиғимлар тўлашдан озод этилган.
2019 йил 21 сентябрь куни Чехиядан йўлга чиққан М.Жумабоев 30 сентябрь куни соат 22:14да Қозоғистондан Тошкент вилояти «С.Нажимов» чегара божхона постига етиб келган, 23:39да транспорт воситаси бўйича дастлабки божхона декларациясини тўлдириб, электрон шаклда Давлат божхона қўмитасининг «ЭБР» ААТ дастурида рўйхатга олинган.
2019 йил 2 октябрь куни эса «Водий» ТИФ божхона пост органи ходимлари М.Жумабоев транспорт воситасини Ўзбекистонга олиб киришда дастлабки божхона декларациясини тўлдириш тартибини бузган, деб ҳисоблаб, далолатнома расмийлаштирган ҳолда 2 кун олдин тузилган декларацияни бекор қилишади.


«2019 йил 30 сентябрь куни соат 23:30лар чамаси пост бошлиғи С.Эрматов бироз олдин мен юборган декларация қабул қилинганини, имтиёздан фойдаланишга улгурганимни айтди. Бироқ, кутилмаганда 2019 йил 4 октябрь куни дастлабки божхона декларацияси бекор бўлгани ҳақидаги ёзма мурожаатни қабул қилиб олдим. Агарда ўшанда божхона ходимлари томонидан қонун бўйича 3 соат ичида менга декларацияда хатолар борлигини билдиришганида, мен камчиликларни бартараф этган бўлардим. Ваҳоланки С.Эрматов менга ҳаммаси жойида эканини айтди ва мен унга ишониб хотиржам бўлдим», – дейди Отабек Эргашев.
О.Эргашев дастлаб ушбу ҳолатдан норозилигини, декларацияни бекор қилиш назарда тутилган далолатноманинг ўзини бекор қилишни сўраб, 4 октябрда «Водий» ТИФ божхона пости ва Фарғона вилояти божхона бошқармасига мурожаат қилган, аммо бу мурожаатлардан фойда бўлмаган.























