ЖССТ маълумотларига кўра, сўнгги кунларда энг кўп касалланиш ҳолатлари Европа мамлакатларида кузатилмоқда. Шу билан бирга, АҚШ, Ҳиндистон ва Бразилия касалланиш ҳолатлари ва ўлим ҳолатлари сони бўйича етакчиликни давом эттирмоқда.

Жонс Ҳопкинс университети маълумотига кўра, дунёда коронавирусдан зарарланиш ҳолатлари сони 43,1 миллиондан ошган, 1,1 миллиондан ортиқ киши вафот этган.

Янги чекловлар ва янги намойишлар
Италия ва Испанияда одамлар коронавирус касаллиги туфайли жорий этилган янги чекловларга қарши норозилик намойишларига чиқишмоқда.

Италияда бугундан барлар ва ресторанлар фақат соат 18:00гача ишлаши мумкин. Спортзаллар, бассейнлар, театрлар ва кинотеатрлар 24 ноябрга қадар ёпиқ туради, ҳукумат бу муддатни узайтириши ҳам мумкин. Ушбу мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари 20 мингдан ошган, ҳукумат итальянлардан янги чеклов чораларини тўғри тушунишни сўрамоқда.

Аммо Неаполда кичик ва ўрта бизнес вакиллари ҳукуматдан компенсация талаб қилиб норозилик акцияларига чиқишди. Душанба куни Милан ва Туринда ҳам шундай намойишлар бўлиб ўтиши кутилмоқда.

Якшанба куни кечқурун Испанияда умуммилий комендантлик соати кучга кирди - кечки соат 23:00дан эрталабки соат 6:00гача кўчада бемақсад юриш тақиқланади. Бу чоралар фақат Канар ороллари учун тааллуқли эмас.

Шунингдек, алоҳида ҳудудлар чегараларини ёпиб қўйган. Бир уйда яшамайдиган одамлар жамоат жойида 6 нафардан ортиқ бўлиб йиғилиши тақиқланади. Ўтган ҳафтада Испания пандемия бошидан буён касалланганлар сони бўйича миллионлик нуқтани забт этганди. Мамлакатда кунлик касалланиш ҳолатлари сони ҳам шунга мос равишда ўсиб бормоқда.

Барселонада карантин чораларига қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда.

Бошқа мамлакатлардаги вазият

Эпидемиянинг иккинчи тўлқинидан жиддий азият чекаётган Чехияда кафе ва ресторанлар фақат олиб кетиш учун овқат сотиши мумкин, озиқ-овқат маҳсулотлари сотилмайдиган дўконлар ёпилган, мактаблар яна онлайн режимга ўтказилган. Прага ташқарисида 500 ўринли янги госпитал барпо этилган, расмийлар беморларнинг янги оқимини кутмоқда.