Ҳужжатга мувофиқ, 2021 йил 1 февралга қадар хорижий тажрибани ўрганган ҳолда махсус иқтисодий зоналар фаолиятига ташқи бошқарувни жорий этиш ҳамда уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритилиши белгиланди.
Махсус иқтисодий зона нима?
2020 йил февралда қабул қилинган «Махсус иқтисодий зоналар тўғрисида»ги қонунга кўра, махсус иқтисодий зона — тегишли ҳудудни жадал ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш учун чет эл инвестициялари ва маҳаллий инвестицияларни, юқори технологиялар ҳамда бошқарув тажрибасини жалб этиш мақсадида махсус ажратилган, белгиланган чегараларга ва махсус ҳуқуқий режимга эга бўлган ҳудуд.
Махсус иқтисодий зоналар (МИЗ) бир неча турда, хусусан, эркин иқтисодий зона, махсус саноат зона, туристик-реакрацион зона, махсус илмий-технологик зоналар кўринишида ташкил этилиши мумкин. МИЗ жозибадорлигини ошириш ва унга инвесторларни кўпроқ жалб этиш мақсадида барча талабларга мос келган лойиҳа эгалари турли имтиёзлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлган. Масалан, Ўзбекистон президентининг тегишли фармони билан зона аъзоларига солиқ ва божхона тўловлари бўйича турли имтиёзлар берилган эди.
Инвесторлар қуйидаги имтиёзлардан фойдаланишган:
- ер солиғи, даромад солиғи, юридик шахслар мулк солиғи, микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўловидан;
- бўшаб қоладиган маблағларни мақсадли йўналтириш шарти билан ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи қисмларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари);
- Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган ва лойиҳаларни амалга ошириш доирасида четдан келтириладиган қурилиш материалларини божхона тўловлари (божхонада расмийлаштириш йиғимлари бундан мустасно) тўлашдан озод қилинади.
Нима ўзгарди?
2020 йил 1 январдан кучга кирган янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг 473-моддасига мувофиқ, эркин иқтисодий зоналар иштирокчиларига фақат мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқдан озод қилиш тарзида солиқ имтиёзлари берилган.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 75-моддасида «ҚҚС бўйича имтиёзлар, шу жумладан, товарлар Ўзбекистон ҳудудига олиб кирилишида (импортида) солиқ солишдан бўшаган маблағларни аниқ мақсадларга йўналтириш шарти билан берилиши мумкин эмаслиги» ҳамда 266-моддасида барча солиқ тўловчилар «бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқ суммасини аниқлашда фақат тўланган солиқ суммаларини ҳисобга олиши» белгиланди.















