Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан ушбу корхона манфаатини кўзлаб зарарнинг 3 млрд 270 млн сўм қопланмай қолган қисмини ундириш юзасидан Тошкент вилояти, Чирчиқ туманлараро иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, суднинг 2020 йил 28 май кунидаги ҳал қилув қарорига асосан жавобгар – Қибрай туман ҳокимлиги ҳисобидан даъвогар – «SM GRAND GIGANT STROY» МЧЖ фойдасига зарарнинг 3 млрд 270 млн сўм миқдоридаги қопланмай қолган қисми ундирилиши белгиланган.

Мазкур ҳал қилув қарори 2020 йил 29 июндан қонуний кучга кирган бўлиб, унга кўра, 2020 йил 29 июнь куни Чирчиқ туманлараро иқтисодий суди томонидан ижро варақаси қабул қилинган ва ижросини таъминлаш учун МИБ Қибрай туман бўлимига ва Қибрай тумани молия бўлимларига электрон шаклда юборилиши таъминланган.

Аммо, таҳририятга мурожаат қилган МЧЖ вакили И.Аслонов орадан 4 ой ўтиб ҳам, компенсациянинг қолган қисми тўлаб берилмаётганидан ёзғирди. Унинг айтишича, МЧЖ суд ҳужжати ижросини таъминлашни сўраб, 2020 йил 8 июль куни хат билан Қибрай туман молия бўлимига ҳамда МИБ Қибрай туман бўлимларига расман мурожаат қилинган.

Ижро ҳужжати берилганига 4 ойдан ошган бўлса-да, бу ташкилотлар томонидан юқоридаги суд қарорини бажариш пайсалга солиб келинмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йилдаги қарори билан тасдиқланган Ижро ҳужжатлари бўйича ундирувни Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағларига ва бюджет ташкилотларининг молиявий мажбуриятларига қаратиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, ижро ҳужжати бўйича давлат бюджетидан маблағлар олиш учун ижро ҳужжатида кимнинг фойдасига бюджет маблағлари ўтказилиши назарда тутилган бўлса, ўша шахс аризани (агар ижро ҳужжатида маблағларни туман бюджетидан ундириш назарда тутилган бўлса) туман ҳокимлигининг молия бўлимига тақдим этиши белгиланган.

2020 йил 8 июль куни «SM GRAND GIGANT STROY» МЧЖ томонидан Қибрай тумани молия бўлимига ариза тақдим этилган бўлса-да, ижро ҳужжати нега ҳанузгача ижро этилмаётганини аниқлаш учун юқори турувчи орган – Тошкент вилояти молия бошқармасига боғландик.

Молия бошқармаси вакили ушбу ҳолатда компенсацияни молия бўлими эмас, Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 26 декабрдаги 1047-сон қарорида назарда тутилган тартибда давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган ҳудудий жамғарма тўлаб бериши лозимлигини, суммани ундириш учун ташкилот ушбу жамғармага ариза билан мурожаат қилиши лозимлигини билдирди.