Арманистон, Озарбойжон ва Россия Тоғли Қорабоғда тинчлик ўрнатиш тўғрисида битим имзолади. Унда Россия тинчликпарвар кучларини киритиш ва Тоғли Қорабоғ ҳудудининг бир қисми, шу жумладан Шуша шаҳрини Озарбойжонга бериш кўзда тутилган.

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев тунда халққа мурожаат қилди. Унинг сўзларига кўра, тинчликпарвар кучлар нафақат Россиядан, балки Туркиядан ҳам бўлади. Эълон қилинган келишув матнида Туркия ҳақида ҳеч нарса айтилмаган.

Битимнинг имзоланиши Арманистонда норозиликларга сабаб бўлди. Тинчлик ҳақидаги келишувга қарши бўлганлар мамлакат ҳукумат биносини эгаллаб олди. Арманистон парламенти спикери намойишлар пайтида калтакланди.

Арманистон Бош вазири Никол Пашинян тўғридан тўғри эфирда бундан бошқа иложи йўқлигини маълум қилди. У Еревандаги тартибсизликлар иштирокчиларини жавобгарликка тортишга ваъда берди.

Нима содир бўлди

10 ноябрга ўтар кечаси Арманистон, Озарбойжон ва Россия раҳбарлари Тоғли Қорабоғда уруш тугаганлигини эълон қилишди. Шу билан бирга, оммавий ахборот воситаларида томонлар имзолаган битимнинг 9та банди матни пайдо бўлди. 

Битим нимани англатади 

Келишувнинг биринчи бандида 10 ноябрь куни ярим тундан бошлаб Тоғли Қорабоғ можароси зонасида тўлиқ сулҳ ва барча жанговар ҳаракатлар тўхтатилиши айтилган. Озарбойжон ва Арманистон эгаллаб турган позициясида тўхтайди. 

Иккинчи ва олтинчи бандларда Келбажар тумани, Ағдам тумани ва Озарбойжоннинг Газах туманида Арманистон томони эгаллаб турган ҳудудлар, шунингдек, Лочин тумани, тегишлича, 2020 йил 15 ноябрь, 20 ноябрь ва 1 декабргача Озарбойжонга қайтарилиши кераклиги айтилган. Арманистон Тоғли Қорабоғ билан алоқани таъминлайдиган 5 километр кенгликдаги Лочин йўлагини олади. Шунингдек, ушбу йўлак «Шуша шаҳрига таъсир қилмайди» деб таъкидланган. 

Учинчи, тўртинчи ва бешинчи бандлар - Россиянинг 1960 нафар қуролли тинчликпарвар кучлари, 90та зирҳли транспортёр, 380та автомобиль ва махсус техникани ўзаро алоқа линияси бўйлаб киритиш тўғрисида келишув. 

Тинчликпарварларнинг қолиш муддати кейинги 5 йиллик муддатларга автоматик узайтириш билан 5 йилни ташкил этади. Томонлар тегишли муддат тугашидан 6 ой олдин ушбу қоидани қўллашни бекор қилиш ҳақида эълон қилиши ҳам мумкин. Бундан ташқари, сулҳ режимини кузатиш учун тинчликни сақлаш маркази ташкил этилади.