Авваллари нафақат Ўзбекистонда, балки ғарбда ҳам аёл киши қишлоқ хўжалиги соҳасида тадбиркорлик қилишини тасаввур қилиш қийин эди. Лекин ҳозир дунё бўйлаб аграр соҳада ўз муваффақиятли бизнесини бошлаб, ютуқларга эришаётган аёллар кўпаймоқда.

Юртимизда ҳам шундай ишбилармон аёл-тадбиркорлар йўқ эмас. Улардан бири – бугунги суҳбатдошимиз Дилдора Отажонова ёш бўлишига қарамай, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш бўйича бизнес лойиҳага асос солган.

Ҳозирда унинг бошқарувидаги «Teodora Goods» компанияси маҳаллий деҳқон ва фермерлар ҳамда хорижлик харидорлар ўртасида ҳамкорлик ўрнатишда кўприк вазифасини бажармоқда.

Тадбиркорлик томон илк қадам

— «Teodora Goods» компанияси 2018 йилда очилган, бироқ менинг дастлабки тадбиркорлик фаолиятим 16 ёшимда бошланган. Интернетда эълон бериб, ўзимнинг «Эрудит» номли мактабимга бешта ўқувчини қабул қилганман. Дарсларни кунора уйимиз меҳмонхонасида ўтар эдим. Ўша вақтда биринчи маошимни ишлаб топганман.

Дарвоқе, ундан ҳам олдинроқ уйларни йиғиштириб, пул топганимни ҳам ҳисобламаса... (кулади) Онам баъзан уйни тозалаганим учун пул тўлар эдилар. Ким билсин, балки айнан шу каби кичик тажрибалар ёшлигимизданоқ ўзимиз мустақил меҳнат қила олишимиз мумкинлигига катта ишонч бергандир.

«Ўзбекистонга қайтиш умуман режамда йўқ эди»

— 2017 йилгача Малайзияда яшадим ва Ўзбекистонга қайтишни мутлақо истамаганман. Мен ўзимизнинг мамлакатимизда ривожлана олишига кўзи етмайдиган ўсмир ёшлардан бири эдим, десам адашмайман. Бироқ кунларнинг бирида визамни янгилаш учун Ўзбекистонга қайтдим.

Уйда вақтимни бекор ўтказишни истамадим ва вақтинчалик бўлса ҳам, агрофирмага ишга киришга қарор қилдим. Сабаби, Малайзияда айнан шу соҳада ишлашни бошлаган эдим.

Ишлаш давомида Ўзбекистоннинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш салоҳияти қанчалик бойлигини тушуниб етдим. Ўз ишимга шу қадар қизиқиб кетдимки, Малайзия ҳақида ҳам унутиб, ортга қайтмадим.

Бир йил ишлаб, агросаноатда тартиб ўрнатишни хоҳлашимни тушундим. Мавжуд камчиликларга кўз юмган ҳолда, шунчаки оқим бўйлаб сузиб кетаверишга тайёр эмасдим. Шу сабабли қандайдир янгилик қилиш керак эди. Шу тариқа, ҳеч қандай сармоясиз ўз компаниямни очишга муваффақ бўлдим.