Kun.uz сайтида “Деҳқонобод калий заводи қурилишида қатнашган юзлаб ишчилар етти йилдан бери маошини ололмаяпти. Аксинча, уларни “формалилар” қўрқитяпти” сарлавҳали мақола эълон қилинганди. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ўз тизимидаги “Деҳқонобод калий заводи” АЖ фаолиятига дахлдор бу масала юзасидан эълон қилинган мақола бўйича “Ўзкимёсаноат” АЖ қуйидагиларни маълум қилди.

“Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 17 ноябрдаги “Деҳқонобод калий ўғитлар заводи ишлаб чиқариш қувватини ошириш

(II босқич)” инвестицион лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-1642-сонли қарори асосида “Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи” УК билан Россия Федерациясининг “ЗУМК-Инжиниринг” МЧЖ ўртасида шартнома имзоланган. Тузилган шартномада “ЗУМК-Инжиниринг” МЧЖ “Тоғ-кон мажмуа”си, “Осма юк ташиш канат йўли” ва ВЛ-110 кВа энергия таъминоти иншоотларини “калити билан топшириш” (“под ключ”) кўзда тутилган.

“ЗУМК-Инжиниринг” МЧЖ лойиҳани амалга ошириш жараёнида Россия ҳамда Ўзбекистондан мутахассис ва ишчиларни шартнома асосида ишга қабул қилган.

Ижтимоий тармоқда “Деҳқонобод калий заводи қурилишида қатнашган юзлаб ишчилар 7 йилдан буён маошини ололмаяпти” рукни билан эълон қилинган мақола бўйича таъкидлаш лозимки, маҳаллий фуқаролардан қарздорлик “Деҳқонобод калий заводи” АЖдан эмас, балки ўша вақтда пудратчи ташкилот бўлган Россиянинг “ЗУМК-Инжиниринг” компанияси ва фуқаролар ўртасида тузилган меҳнат шартномаси бўйича юзага келган.

Шу билан бирга, “Деҳқонобод калий заводи” қурилиши Дирекцияси пудратчи “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясига бажарилган ишлар бўйича тўловларни тўлиқ амалга ошириб борган. Лекин “ЗУМК-Инжиниринг” компанияси бу тўловлардан ёлланган ишчиларнинг ойлик маошларини тўлиқ тўлаб бермаган.

Бундан ташқари, “Деҳқонобод калий заводи” АЖ “Ўзкимёсаноат” АЖ билан биргаликда “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясининг собиқ ишчиларининг тўланмасдан қолган ойлик маошларини ўз эгаларига қайтариш бўйича 2014 йилдан буён мунтазам равишда барча юридик ва ташкилий чораларни кўриб келмоқда. Бунинг учун “Деҳқонобод калий заводи” АЖ ўз маблағлари ҳисобидан халқаро даражага эга бўлган “White & Case” (АҚШ) юридик компаниясини жалб қилди.

Айни пайтда “White & Case” компанияси билан биргаликда Россия Федерациясининг турли миқёсидаги судларида жами 205 нафар – суднинг ундирув қарорлари мавжуд бўлган Ўзбекистон фуқароларининг “ЗУМК-Инжиниринг” компаниясидан иш ҳақини ундириш масаласи кўриб чиқилмоқда. Иш ҳақи ундириш масаласи бўйича бир нечта суд жараёнлари ўтказилиб, суд ишлари ҳали ҳам давом эттирилмоқда.