Ўзбекистон | 09:46 / 03.12.2020
20030
2 дақиқада ўқилади

Бухоро туманига янги ҳоким тасдиқланди

Халқ депутатлари Бухоро туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги хабар берди.

Сессияда сўз олган вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Ботир Зарипов ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилган ишлар билан бир қаторда йўл қўйилган хато ва камчиликлар хусусида тўхталди. 

Туманда сектор раҳбарлари бириктирилган ҳудудларда ишларни етарли даражада ташкил қилмаганлиги, прокуратура, ички ишлар ва давлат солиқ идоралари раҳбарлари сектор раҳбари сифатида олдига қўйилган вазифаларни ва масъулиятини тушуниб етмаганлиги, ўз ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал қилишга тўлиқ киришмаганлиги қайд этилди.

Туманда камбағал оилалардаги 4 минг 564 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларнинг 4 минг 503 нафари ёки 98,7 фоизининг бандлиги таъминланган бўлса-да, уларнинг 3 минг 279 нафари ёки жами бандликнинг 72,8 фоизи доимий иш жойи бўлмаган жамоатчилик ва ўзини ўзи банд қилиш йўналишларига жойлаштирилиб, доимий даромад манбаига эга бўлган Инвестиция ҳамда қурилиш комплекси йўналишларида камбағал фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ишлари қониқарсиз ташкил этилгани маълум қилинди.

Сессияда ташкилий масала кўрилди. Айни пайтга қадар "Ғиждувон" ЭИЗ раҳбари вазифасида ишлаб келган Хайрулло Жўраев Бухоро тумани ҳокими этиб тасдиқланди.

Туманнинг собиқ ҳокими Қаҳрамон Дўстов бошқа ишга ўтиши муносабати билан лавозимидан озод этилди.

Эслатиб ўтамиз, 24 ноябр куни президент тадбиркорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда Бухоро вилоятининг Жондор ва Бухоро туманлари ҳамда Сирдарё вилоятининг Сирдарё тумани раҳбарларини ишдан олиш масаласини қўйганди.

Мавзуга оид