«Умримнинг катта қисмини ногиронлар аравачасида ўтказдим. Аммо бу порлоқ карьерага эга бўлишим, оилавий бахтга эришишим учун тўсқинлик қилмади. Бунга сабаб эса ҳар доим биринчи даражали тиббий хизматдан фойдаланиш имконияти, зарурат бўлганда ёрдам кўрсатадиган ижтимоий хизматчиларнинг борлигида эди.
Бу борада менга омад кулиб боққанини тушунаман. Бутун дунёда одамлар наинки ўз соҳаларида катта натижаларни кўрсатиш, балки кунлик ҳаёт кечиришида ҳам улкан машаққатларга дуч келишади. Ногиронлик муваффақиятга эришиш йўлида тўсиқ бўлмаслиги керак».
Машҳур астрофизик олим Стивен Ҳокинг ногиронлиги бор инсонларнинг муносиб турмуш тарзига эга бўлишлари ва бунинг учун етарли тиббий шароитнинг бўлиши заруратини шу сўзлар билан ифода этган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, бутун дунёда ногиронлиги бўлган инсонлар таълимда ва иқтисодий фаоллик борасида бошқаларга қараганда паст кўрсаткичларни кўрсатишади, камбағаллик эса бошқаларга нисбатан айнан ногиронлиги борлар орасида кўпроқ кузатилади.
Ва бунга асосий сабаб – соғлом инсонлар учун одатий хизматлар – тиббиёт, таълим, транспорт, бандлик кабиларда ногиронлиги борларнинг имкониятлари ҳаддан ортиқ чекланганидадир.
Аҳамиятли жиҳати, ҳозир ер юзида инсоният тарихидаги ҳар қачонгидан ҳам кўра кўпроқ ногиронлик ҳолатлари мавжуд. 1970 йилда ўтказилган глобал тадқиқот натижаларига кўра, сайёра аҳолисининг 10 фоизида ногиронлик ҳолатлари борлиги аниқланган, бугун эса бу кўрсаткич 15 фоиз, яъни 1 млрд.дан зиёд киши.
Ҳеч ким ногиронликдан тўла кафолатланмаган. У ҳаёти давомида сурункали касалликлар ёки бахтсиз ҳодиса боис ногиронлик орттириши, ҳали тиббиётга ҳам маълум бўлмаган сабаблар билан ногирон бўлиб дунёга келиши мумкин.
Бу аксиома – атрофимизда ҳар доим бўлган ва бундан кейин ҳам бўлиб келадиган, аммо биз ўзимизни эшитмаган, кўрмаганга соладиган, ўзимиздек тенг ҳуқуққа эга бўлган инсонлар тақдири ҳақида жиддий ўйлаб кўришга ундайди.
Ҳаёт давомида орттириладиган ногиронликдан тўла ҳимояланиш имконсиз. Аммо туғма ногиронликнинг юзага келишида аксар ҳолларда ота-онанинг таъсири ҳам бўлади. Натижадан эса ҳамма, айниқса бегуноҳ гўдак қийналади.
Шу боис ҳар бир инсон келажак авлод олдида масъулиятни ҳис қилган ҳолда насл занжирини давом эттиришда хатоликларга йўл қўймасликка ҳаракат қилиши, бунда нималарга амал этиши кераклигини билиши лозим.









