01:30 / 12.12.2020
84440

Устидан хизмат текшируви ўтказилаётган Бухоро шаҳри прокурори мурожаат билан чиқди

Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозилов видеомурожаат билан чиқиб, бевосита бош прокурорга қарши даъволарни илгари сурди. Бош прокуратура унинг барча иддаолари текширилиши, текширувда жамоатчилик назоратини таъминлашга тайёрлигини билдирди.

Ижтимоий тармоқларда Бухоро шаҳри прокурори Жасур Фозиловнинг президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Администрацияси раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновга йўллаган очиқ мурожаати видеоси тарқалди.

Бир соатдан ортиқ давом этган видеомурожаат аввалида, прокурор ўз устидан хизмат текшируви ўтказилаётгани ва қонунбузилишга йўл қўйгани аниқлангудек бўлса, жавоб беришга тайёрлигини айтади.

«Лекин ҳурматли бош прокуроримиз ва унинг учта ходими томонидан қилинаётган жиноятлар ҳақида айтиб бермоқчиман», – дейди Жасур Фозилов.

Прокурор ўз сўзида пулларни нақдлаштириш билан шуғулланувчи фирмага нисбатан тергов олиб борилаётгани, тадбиркор 10 млрд сўм солиқни яширгани, ушбу тергов холис ўтказилишига юқоридан босим бўлаётгани ҳақида гапиради.

Шунингдек, у муқаддам Бош прокуратурада ишлагани, даъвоси бош прокурорга қарши бўлгани учун ҳам айнан Президент Администрацияси раҳбарига мурожаат қилаётганини қўшимча қилган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан изоҳ бериб, Фозилов бу чиқишида илгари сурган даъволарга «тўлиқ ва ҳаққоний баҳо берилиши»ни билдирди.

Идора ахборотига кўра, айни пайтда Бош прокуратура Бухоро шаҳридаги тадбиркорнинг Фозилов устидан берган аризасини кўриб чиқмоқда.

Тадбиркор ўз аризасида Бухоро шаҳрида қурган йирик савдо мажмуасидаги 1 метр квадратининг ҳақиқий нархи 20 млн сўм бўлган савдо дўконини шаҳар прокурорининг тазйиқи билан унга 5 млн сўмдан сотганини, орадан бир йил ўтиб, яъни 2020 йил октябрь ойида шу нархдан яна битта дўконни сотишини талаб қилганини, рад жавобини бергани учун Ж.Фозилов уни терговга чақириб, жавобгар қилиш билан қўрқитаётганини билдирган.

«Ушбу ҳолат бўйича Ж.Фозиловга нисбатан хизмат текшируви тайинланиб, текширувнинг холисона ва адолатли ўтказилишини таъминлаш, иш ҳолатларига тўлиқ ойдинлик киритиш, ҳар қандай аралашув ва таъсирларнинг олдини олиш мақсадида у 2020 йил 2 декабрь куни хизмат вазифаларини бажаришдан вақтинча озод қилинган», – дейилади Бош прокуратура изоҳида.

Маҳкама ўз баёнотида прокурор айтиб ўтган барча масалалар бўйича шаффоф ва ошкора ўрганиш ўтказилишини, бунда жамоатчилик назоратини таъминлашга тайёрлигини маълум қилган.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда прокуратура ходимининг очиқ видеомурожаат билан чиқиши бунга қадар кузатилмаган.

Top