Фаолияти мобайнида маълум ютуқларга эришган зиёли ҳам тадбиркор ҳамюртларимиз, «Интеллект» лойиҳаси доирасида, ўз ҳаётий тажрибаcи ва фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади; ёшларга ўз тавсияларини бериб боради.

Лойиҳанинг илк меҳмони – таниқли тадбиркор Ҳикмат Абдураҳмонов бўлди. Ўзбек–Хитой савдо уйи ва «Ground Zero» коворкинг-марказлари асосчиси, «Team» университети таъсисчиларидан бири билан суҳбатимиз асосан олий таълим, ижтимоий тадбиркорлик ва оила мавзуларида кечди.

Суҳбатни томоша қилиш асносида бир неча ютуқлардан бирини ҳам қўлга киритишингиз мумкин. Бу ҳақда мақола сўнгида батафсил тўхталиб ўтамиз.

«Кейин тушундимки, биз дунё университетларидан анча орқада қолган эканмиз»

— 16 ёшда Дипломатия университетига, халқаро иқтисодиёт йўналишига ўқишга кирганман. У ерда: «Сизлар оддий бир университет талабаси эмассизлар, сизларга дарс берадиган одамлар – вазирлик, катта идоралар раҳбарлари, кўзга кўринган инсонлар. Улар билим бериш билан бирга, сизларни илҳомлантиради ҳам. Демак, сизлар ҳам жамиятдаги ўзгаришларга ўз ҳиссангларни қўшишинглар керак», деган лозунг остида бўлганмиз.

Бу лозунг мени жуда ҳам руҳлантирарди. Лекин кейинчалик, ўқишни тамомлаб давлат ишига кирганимда, унда ўзимни топа олмадим. Давлат ташкилотларида, хусусан ўша пайтдаги Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги қошида маълум вақт ишлаб, тажриба орттирдим, лекин барибир қониқмадим. Барибир сездимки, давлат иши – салоҳиятимни оширадиган фаолият эмас экан.

Шундан кейин Ўзбек-япон марказида ўқидим. Унга ҳам мана, 15 йил бўлибди. Биласиз, японча услубдаги менежмент жуда ҳам машҳур. Шу йўналишда ярим йиллик экспресс-MBA'да ўқиганман. Шу ерда ўқиб, бизнес тўғрисидаги билимим жуда камлигини яққол сезганман.

Ваҳоланки, бунгача менда илк тадбиркорлик тажрибалари бор эди. 20 ёшимда кичик лойиҳалар қилиб юрардим: компьютер, қурилиш материаллари, машина ҳам сотиб кўрганман. Хуллас, қандайдир йўл билан ўзимга моддий фундамент қуришга ҳаракат қилганман. Чунки сир эмас, у пайт давлат ишида ишласангиз, даромадингиз ҳатто ёқилғи харажатларига ҳам етмасди.

Япон марказида ўқиб, бизнес асослари билан танишгач, бизнес тўғрисида олган билимим жуда ҳам камлигини яққол тушуниб етганман. Бу билимим билан фақат кичик савдо-сотиқ билангина шуғулланишим мумкинлиги, ҳақиқий ва каттароқ лойиҳа қиламан десам, яна кўпроқ ўрганишим кераклигини ўшанда сезганман.