Эмоционал интеллект инсоннинг ўз ҳиссиётларини англаш, уларни бошқариш ва бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тўғри тушуниш қобилиятидир. Оддий қилиб айтганда, бу – ҳислар ёрдамида тўғри фикрлаш ва қарор қабул қилиш санъати. Юқори эмоционал интеллектга эга инсон ўз кайфиятини бошқара олади, стрессни енгади ва бошқалар билан соғлом муносабат ўрнатади.

Англаш

Шахсиятни идрок этиш эмоционал интеллектнинг энг муҳим жиҳатларидан биридир. Мазкур кўникма инсоннинг ўз ҳис-туйғуларини таниб олиш, уларнинг сабабини тушуниш ва назорат остида ушлай олиш қобилиятини ифодалайди. Ўзини англай олган инсон нима учун хафа бўлаётганини, нимадан жаҳли чиқаётганини ёки қайси ҳолатларда ўзини ёмон ҳис қилаётганини билади. У шунчаки ҳис-туйғулар оқимида ҳаракатланмайди, балки уларни кузатади, таҳлил қилади ва онгли равишда бошқаради.

Масалан, эмоционал интеллекти юқори инсон стрессга тушганда ёки танқид эшитганда дарров жавоб қайтармайди. У бироз жим туради, нафасини ростлайди ва вазиятни вазминлик билан баҳолайди. Шу тариқа, у салбий ҳис-туйғуларни ўзига зарар етказмайдиган шаклда ифода этади. Ушбу одат нафақат иш жараёнида, балки шахсий ҳаётда ҳам муҳим аҳамиятга эга. Иш жойида бундай инсонлар муаммоларга босиқлик билан ёндашади, зиддиятли вазиятларда мулоқотни давом эттира олади ва тўғри қарор қабул қилади. Шахсий ҳаётда эса у ўз ҳис-туйғуларини сўз билан ифодалаб, низо ҳамда тушунмовчиликларнинг олдини олади.

Бошқариш

Ҳиссиётларни бошқариш уларни йўқотишни англатмайди, аслида туйғуларни тўғри йўналтириш ҳисобланади. Инсон ғазабни ижодий энергияга айлантириши, ҳафсаласизликни сабр ва қатъиятга айлантириши мумкин. Бу жараён учун ўз-ўзини кузатиш, вазиятда онгли ёндашув билан чиқиш, вазминлик билан фикрлаш каби оддий машқлар катта ёрдам беради. Шунингдек, кундалик ҳаётда ўз ҳис-туйғуларингизни ёзиб бориш, яъни “ҳиссиёт кундалиги” юритиш ҳам фойдали. Ушбу машқ ички дунёингизни яхшироқ тушунишга қўмаклашади.

Демак, ўзини англаш ва ҳиссиётларни бошқариш — бу инсоннинг ўзини тарбиялаш жараёни. Ким ўз ҳис-туйғуларини таниб, уларни бошқаришни ўрганса, у нафақат руҳий жиҳатдан барқарор, балки ижтимоий жиҳатдан ҳам етук шахсга айланади. Бундай инсонлар бошқалар билан муносабатда мувозанатни сақлайди, можароларга ақл билан ёндашади ва ҳаётдаги мураккаб ҳолатларни тинч усулда енга олади.

Самарали мулоқот

Инсон бошқаларнинг ҳис-туйғуларини тўғри англай олган вақт суҳбатдошининг сўзларидангина эмас, балки оҳанги, тана тили, юз ифодаси ва кайфияти орқали ҳам маълумот олади. Бу эса мулоқотни янада самимий, ишончли ва мазмунли қилади. Масалан, раҳбар эмоционал интеллекти юқори бўлса, у жамоасидаги кайфиятни сезади, стресс ёки тушкунликни пайқайди ва бунинг сабабини билишга ҳаракат қилади. У фақат буйруқ берувчи эмас, эшитувчи ва тушунувчи етакчига айланади. Натижада жамоада илиқ муҳит, ўзаро ҳурмат ва ишонч пайдо бўлади, бу эса меҳнат унумдорлигининг ошишига олиб келади.