Қарорга мувофиқ, 2026 йилда Тошкент шаҳри ялпи ҳудудий маҳсулотини 11,7 фоизга, саноат ишлаб чиқаришини 8,5 фоизга, бозор хизматларини 19 фоизга ва қурилиш ишларини 17,3 фоизга ошириш мақсад қилинган. Шунингдек, 2026 йилда 9 миллиард АҚШ доллари, 2027 йил якунига қадар эса 10 миллиард АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш режалаштирилган.

Ҳужжат билан 2031 йил 1 январга қадар қатор янги механизмлар тажриба тариқасида жорий этилади. Улар орасида махсус иқтисодий ва саноат зоналарини кенгайтириш, тайёр бизнес лойиҳаларини электрон аукционга чиқариш, кўп қаватли саноат объектларини барпо этиш ҳамда реновация дастурларини амалга ошириш назарда тутилган.

Шунингдек, қарорда «Ўн беш дақиқалик шаҳар» концепциясини амалга ошириш, яшил ҳудудларни кўпайтириш, сув ресурсларини бошқариш марказини ташкил этиш, гастрономик ва тунги туризмни ривожлантириш, ёшлар креатив паркларини ташкил этиш ҳамда китоб савдосини рағбатлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.

Қарор ижросини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон бош вазири зиммасига юклатилган.