Иқтисодиёт | 15:37 / 25.12.2020
12347
3 дақиқада ўқилади

«Аҳмоқликда бир тийин ҳам йўқотишни истамайман». Молия вазири криптовалюталарга муносабат билдирди

Тошкент шаҳридаги Ёшлар форуми доирасида ўтказилган учрашувда Молия вазири Тимур Ишметов криптовалюта масаласига муносабат билдирди.

Молия вазири криптовалютага танқидий муносабатда эканини маълум қилди. У криптовалютани пул санамаслигини айтди, деб хабар берди Kun.uz мухбири.

«Криптовалюта сўзининг ишлатилиши моҳиятан нотўғри, негаки валюта пулни англатади. Криптовалюта деб номланган актив эса пул эмас, балки рақамли актив ҳисобланади. Пул маълум бир функцияларни бажарувчи восита саналади, жумладан, унинг жамғарма, тўлов воситаси функциялари мавжуд. Криптовалюта ушбу функцияларнинг бир ёки иккитасини бажариши мумкин, аммо чекланган миқдорда», — дейди у.

Ўзбекистон молия вазирига кўра, криптовалютага сармоя киритган одамларни қизиқтирувчи асосий масала — пул ўтказмаларнинг анонимлигини (махфийлик) кафолатлаш.

«Яъни бирон нарса сотиб олишда харидор эканини яширмоқчи бўлган одам учун бу актив жуда қулай. Масалан, савдоси ноқонуний бўлган наркотик учун бу қўл келади. Ҳар қандай актив атрофида профессионал чайқовчилар пайдо бўлади, яъни активларни олиб сотиш бошланади. Шунга қарамай, унутмаслик керакки, барча активлар чекланган. Соддароқ айтганда, залда ўтирган одамларнинг бойлиги чекланган. Кимнингдир чўнтагида пул пайдо бўлиши учун, ўша пул бошқанинг чўнтагидан чиқиши керак. Биткоин олди-сотдиси орқали даромадни кўзлаган одам доим фойдани ўйлаб, ютқазишни ўйламайди. Кимдир миллион доллар топиши учун, 100 киши минг доллардан йўқотиши керак. Шуни ёдда тутинг», — деди вазир.

Ишметов ёшларнинг саволига жавоб бераркан, криптовалютага сармоя киритмаган ва бунга ишонмаслигини билдирди.

«Бу аҳмоқликда бир тийин ҳам йўқотишни истамайман», — дейди у.

Ўзбекистон Марказий банки криптовалюталар бўйича бир неча маротаба изоҳ бериб, уларни терроризмни молиялаштириш учун восита деб атаган. Идора фикрига кўра, «криптовалютадан аноним фойдаланиш туфайли маблағларнинг ноқонуний айланиши ва фирибгарлик ҳолатлари ортади, бу эса, ўз навбатида, бир қатор мамлакатларда яширин иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади».

Криптовалюта — махсус кодлар орқали ҳимояланган рақамли актив бўлиб, жўнатма операцияларида пул ўрнида ишлатилади. Унинг жисмоний нусхаси йўқ, фақат электрон ахборот шаклида тайёрланади.

Ўзбекистонда ҳам «молиявий пирамидалар» кўринишидаги турли фирибгарлик схемаларидан, шу жумладан, крипто-активлардан фойдаланиш ҳолатлари тез-тез учрамоқда. Шунингдек, криптовалюта савдоси Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза этувчи органлари томонидан таъқиб этилади.

Мавзуга оид