Марказий банк инфляциянинг пасайишда давом этишига ҳам, ташқи омиллар сабаб нархлар ошиш хавфига ҳам тайёр бўлиши керак, деди регулятор раҳбари Тимур Ишметов Silk Road Finance & Technology Forum’да.
«Марказий банк фаолияти хатарлар билан боғлиқ. Улар ҳамиша мавжуд. Балки, шу хатарлар бўлмаганида Марказий банкнинг ўзи ҳам керак бўлмас эди. Шунинг учун биз оддий хатарларни бошқаришдан доимий шоклар ва ноаниқликларга яхшироқ тайёр туришга ўтишимиз керак. Барқарорликка эътибор қаратишимиз зарур», — деди Тимур Ишметов.
МБ раиси инфляция пасайишига ҳам, нархлар ошишига ҳам тайёр туриш кераклигини таъкидлаб ўтди.
«Марказий банк инфляция пасаядими ёки унинг ошишига олиб келадиган хавфлар юзага келадими, тайёр бўлиши керак. Биз ҳар икки йўналишда ҳам қатъий чора кўришга ва ҳар қандай ҳолатда ўз вазифамизни бажаришда давом этишимиз керак», деди у.
Ишметовнинг қўшимча қилишича, ҳозирги давр юқори ноаниқлик ва ташқи таъсирлар кўплиги билан ажралиб турибди. Бундай шароитда Марказий банк турли хавфларга тайёр туриши керак. Жаҳон бозоридаги вазият вақт ўтиши билан Ўзбекистон ички бозоридаги нархларга ҳам ўз таъсирини кўрсатиши мумкин. Регулятор иккиламчи таъсирлар эҳтимолини кузатяпти.









