Фавқулодда вазиятлар вазирлиги одамлар ортиқча ваҳимага тушмаслиги учун тезлик билан муносабат билдирди. Унда ваҳимага ўрин йўқлиги, Қайроққум сув омбори назоратда экани, унда ҳеч қандай авария содир бўлмагани ҳамда тўғон дамбаси бузилмагани маълум қилинди.
Бундан ташқари, Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ва яна бир қатор туманлар ҳокимлари кечаси билан юриб, одамлардан уйларига қайтишни сўраган.

Хўш, Қайроққум қачон қурилган? Унда қанча сув сақланади? Сув омбори минтақа учун хавф туғдириши мумкинми? Қуйида шу ҳақдаги маълумотлар келтирилган.
Ўтган асрнинг 50-йилларидан бошлаб СССР раҳбарияти қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш қулай бўлган Ўзбекистон ҳудудидаги захира ерларни ўзлаштириш учун ҳаракат қила бошлайди. Минтақада ёз анча иссиқ келиши, далаларни суғормасдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришнинг имконияти паст бўлиши инобатга олиниб, бу ерда аввало сув омборлар қуриш режа қилинади. Шундан сўнг, бир тарафдан чўллар ўзлаштирилади, иккинчи тарафдан йирик дарёлар тўсилиб, сув омборлари қуриш бошланади. Қайроққум ана шу сув омборлар орасида энг биринчи қурилган гидротехника иншооти ҳисобланади. Ўша пайтда Қайроққум сув омбори билан бирга Қайроққум ГЭС ҳам қурилган.
Қайроққум сув омбори ҳақида
Қайроққум сув омбори Фарғона водийсининг ғарбий қисмида асосан Тожикистон ва қисман Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Қайроққум сувга тўлган пайтда унинг Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қисмида ҳам сув йиғилади. Аммо сўнгги йилларда иқлим ўзгариши туфайли ёғингарчилик кам бўляпти. Табиийки, Қайроққумга тушаётган сув ҳажми ҳам камайди. Ёки бу сув омборига кўп сув йиғилса ҳам, Тожикистон етарлича электр энергия олиш учун Сирдарёга кўпроқ сув қўйиб юборяпти. Оқибатда унинг суви бироз камайиб, Ўзбекистон ҳудудида жойлашган қисмида сув йиғилмаяпти. Буни айни дамда харитада ҳам кўриш мумкин.



















