Давлат экологик назорати инспекциясининг (Экополиция) Сирдарё сув ҳавзасини назорат қилиш бўлими ходими Мирзо Ботировнинг эҳтиётсизлик оқибатида ўлимига сабаб бўлишда гумонланиб, уч киши қўлга олинди.

Gazeta Бош прокуратура матбуот хизматига таяниб хабар беришича, воқеа юзасидан Жиноят кодексининг учта моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган:

  • 202-модда – ҳайвонот ёки ўсимлик дунёсидан фойдаланиш тартибини бузиш;

  • 219-модда – ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш;

  • 102-модда – эҳтиётсизлик орқасида одам ўлдириш.

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси матбуот хизматига кўра, Мирзо Ботиров 9 сентябр куни тунги соат 23:00 да Сирдарё дарёси ўзанида ўтказилган тезкор рейд тадбири давомида электр қармоқ ёрдамида балиқ овлаётган ҳуқуқбузарларнинг қаршилигига учраган ва натижада сувга тушиб кетган.

Инспекторнинг жасади 10 сентябр куни топилган.

Мирзо Ботиров жасорати ва хизмат бурчига садоқати учун вафотидан сўнг «Табиат ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирланиши қайд этилган.