Шуҳрат Қаюмов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, «Маданият ва санъат фидокори» кўкрак нишони соҳиби, олий тоифали сухандон. 51 йиллик умри давомида театр актёри, хонанда, диктор сифатида мазмунли фаолият олиб борди.

Шуҳрат Қаюмов қисқа бўлса-да, ибратли умр кечирди. У нафақат санъати, юракларга етиб борувчи овози билан, балки гўзал хулқи ва инсонийлиги билан ҳам яқинлари хотирасида, халқнинг қалбида абадий из қолдирди.

Оила аъзолари, елкама-елка фаолият кўрсатган сафдошлари уни илиқ хотиралар билан ёдга олишади.

Абдукарим Мирзаев, сухандон:

– Ўтган йили қишда Шуҳрат ака билан Истанбулда кўришгандик. Ўшанда шунча умр йўлини юриб келдингиз, хулосаларингиз қандай, деб сўрадим.

Менга қараб турган Шуҳрат ака машина ойнасидан ташқарига қаради. Балки ўйлади, балки тушунди. Балки лўндароқ жавоб беришни истади:

«Йўл жуда узун эди ва жуда кўп масъулиятим бор эди. Ишим берган масъулият, одамлар берган масъулият, оилам берган масъулият. Ва қирилган бир қалбим бор. Инсонлар йиллар давомида менинг қалбимни, кўнглимни қириб ўйнашди», деди. Қириб ўйнашни бир тасаввур қилиб кўринг. Темирни темир билан қирганда овоз чиққанда юрак чидамайдику, шуни таърифлашга уринди. «Жуда оғир эди. Лекин мен бутун вужудим, руҳиятим, бор-йўғим билан Аллоҳга ёпишиб олдим. Одамлардан келган ҳар қандай муаммолар, ғийбатлар, ёлғонлар, туҳматлардан Аллоҳ барибир кучлидир».

Шуҳрат ака 2006 йил биринчи марта Умрага бордилар. Шунда менга мушк-анбар совға қилгандилар. Ўшандан бери ҳар йили бордилар, фақат ўтган йили карантин сабабли бора олмай қолдилар. «Бормасам бўлмайди, бормасам, ўлиб қоламан», дердилар.

Бир куни менга Шуҳрат аканинг рақамидан қўнғироқ бўлди. Хурсанд бўлиб кўтардим. Лекин гапираётган одам бошқа. «Алло, Абдукарим», деяптилар. «Ким бу?» десам, «мен, Шуҳрат акангизман», дейдилар. Овозлари ўзгариб қолган экан. «Овозим кетиб қолди», дедилар. Кўнгилларини кўтарган бўлдим. Орадан кўп вақт ўтмай, «кўзим кўрмай қолди», деб телефон қилдилар. Борган сари аҳволлари ёмонлашиб бораверди. Кўнгилдаги қиришлар ўзининг кучини кўрсатган эди. «Мендан рози бўласиз», дедилар. «Нега унақа деяпсиз, унақа гапларни айтманг», десам ҳам, «эшитишим керак», деб охиригача туриб олдилар. Ўшандан 4-5 кун ўтиб вафот этдилар. Шуҳрат аканинг яқинлари орасида у рози-ризочилик сўрамаган ҳеч ким қолмади.