Ўзбек кинематографияси хазинасида ҳақиқатан ҳам сифатли фильмлар талайгина, аммо уларнинг аксарияти ўнлаб йиллар олдин суратга олинган. Ана шундай фильмлардан бири «Абдуллажон» – шубҳасиз, ўзбек киносидаги фантастик комедия жанрининг энг ёрқин намунасидир.

Фильмда бош қаҳрамон Абдуллажон ролини ўйнаган Шуҳрат Қаюмов куни кеча Kun.uz меҳмони бўлди. Мазмунли кечган суҳбатимиз продюсернинг кино санъатидаги фаолияти ва соҳадаги бир қатор мавзуларни қамраб олди.

Қаюмовнинг айтишича, у «Абдуллажон» фильмидан кейин бошқа картиналарда бош ролларни ўйнамаган. Бунга сабаб – мен учун кинода роль ўйнашдан кўра, кино суратга олиш анча қизиқроқ, дейди у.

«Фильм 1991 йилда чиққан. У пайтларда мен мактабда ўқирдим. 1995 йилда Ирригация институтига кирдим, 1998 йилда хорижга кетдим. Ўша пайтлардаёқ хорижда турли хил фильмларда суратга тушганман, албатта бош ролда эмас. Кейин Қозоғистонда ва Россияда яшадим, у ерда ҳам бир-икки нарса суратга олганмиз. Лекин росмана актёр бўлганман дея олмайман.

Киши бир соҳани танласа, охиригача бориш керак. Менга камералар ортида бўлиш кўпроқ ёқди. Барча актёр бўлишни орзу қилади, лекин бу қанчалик қийинлигини камдан кам одам билади. Балки талаб ва таклиф йўқлиги ҳам рол ўйнагандир. Кино олиш – унда рол ўйнашдан кўра анча қизиқ», – дейди суҳбатдошимиз.

Маълум бўлишича, Шуҳрат Қаюмовнинг «Illusion Pictures» номли ўз продюсерлик компанияси бор ва у 2003 йилдан буён хориж кинокомпаниялари билан ҳамкорликда фильмлар суратга олмоқда. Масалан – ҳиндистонликлар билан ҳамкорликда тасвирга туширилган «Hoichoi unlimited» («Шод-у ҳуррамлик») фильми. Қаюмовнинг айтишича, бу кино прокатидан сўнг Ҳиндистондан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими сезиларли ошган, натижада Мумбайдан Тошкентга янги авиақатнов йўлга қўйилган.

«Фильм Ҳиндистонда прокатдан ўтганидан сўнг, Ўзбекистонга жуда ҳам кўп сайёҳларни жалб қилди. Мисол учун, олдин Ҳиндистондан Ўзбекистонга фақат Деҳли шаҳри орқали училган бўлса, кейин Мумбай орқали парвозлар ҳам йўлга қўйилди. «Ўзбектуризм» ҳам кино продюсерини мукофотлади, чунки Ҳиндистондан жуда кўп туристлар Ўзбекистонга кела бошлади. Бу – қўшимча даромад, бу – машҳурлик», – дейди у.