Ўтган йил ноябрида ўтказилган сайловларда Аунг Сан Суу Ки бошчилигидаги «Демократия учун миллий лига» партияси ҳукуматни мустақил шакллантириш учун етарли бўлган миқдорда овоз олганди. Генераллар эса сайловлар натижаларини сохталаштирилган деб топишди. Янги парламентнинг биринчи сессияси айнан душанба куни бошланиши керак эди, аммо армия депутатларга иш бошлаш имконини бермади ва ҳокимият мамлакат қуролли кучлари бош қўмондони Мин Аунг Ҳлаинг қўлига ўтгани эълон қилинди.

Ҳарбийларга тегишли бўлган телеканал мамлакатда бир йил муддатга ҳарбий ҳолат жорий қилинганини маълум қилди. Аунг Сан Суу Ки ўз тарафдорларини «буни қабул қилмаслик»ка ва «давлат тўнтаришига қарши чиқиш»га чорлашга улгурганди.

Кўпчилик учун Бирма номи билан танилган Мянма ўнлаб йиллар мобайнида ҳарбийлар томонидан бошқарилган ва 2011 йилда бу ерда демократик ислоҳотлар бошланган.

2015 йилда Мянмада сўнгги 25 йилликда илк бор эркин сайловлар ўтказилади, унда Аунг Сан Суу Ки мутлақ ғалабага эришади, аммо фарзандлари хорижий давлат фуқаролигига эга бўлгани туфайли президентлик лавозимини эгаллай олмайди.

У демократия иконаси ҳисобланган, шафқатсиз генералларга қарши очиқ курашгани учун кўп йиллар мобайнида уй қамоғида сақланган. У ҳамон асосий қисми буддизм динига эътиқод қиладиган Мянма аҳолиси орасида катта нуфузга эга.

Аммо ташқи дунёда унинг обрўси мусулмон роҳингяларга нисбатан тутган позицияси туфайли кескин ёмонлашиб кетади.

Юқорига йўл
1989 йилдан 2010 йилгача Аунг Сан Суу Ки жами 15 йилни уй қамоғида ўтказган, ҳарбийлар унга мамлакатдан қайтиш ҳуқуқисиз чиқиб кетишни таклиф қилишган, аммо у кетишдан бош тортган. 1991 йилда у тинчлик йўналишида Нобел мукофотига сазовор деб топилган.

Барак Обама бошқаруви даврида АҚШ Бирмага санкцияларни бекор қилган, бу вақтда у ерда демократик ислоҳотлар бошланганди / AFP

Аунг Сан Суу Кининг демократия ва инсон ҳуқуқлари учун кураши уни дунё бўйлаб зулмга тинч йўл билан курашнинг рамзи сифатида машҳур қилган.

Ҳозирда у 75 ёшда. Унинг лавозими «давлат маслаҳатчиси», аммо барча уни норасмий давлат раҳбари сифатида кўради. Президент Мин Мьин унинг содиқ ва яқин сафдоши ҳисобланади.