Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбошимчалик билан қурилган иморатни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низомга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қайд этилишича, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги Кўп хонадонли уй-жой фондидан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси (“Уйжойфондинспекция”) кўп квартирали уй-жой фондини сақлаб туриш ва улардан фойдаланиш соҳасида ваколатли орган ҳисобланиб, унинг зиммасига кўчмас мулк эгаларининг биноларни ўзбошимчалик билан ўзгартиришига йўл қўймаслик чораларини кўришга оид вазифалар юклатилган.

Билдирилишича, бугунги кунда “Уйжойфондинспекция” республикадаги 1,2 млн.дан ортиқ хонадон жойлашган 37,0 мингдан зиёд кўп квартирали уйларда яшаётган 5,0 млн.га яқин кўчмас мулк эгаларининг уй-жой фонди ва унга туташ ҳудудларни ўзбошимчалик билан ўзгартиришига йўл қўймасликка оид чоралар кўриб бориш ишларини амалга оширмоқда.
 
Амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “Уйжойфондинспекция”га кўчмас мулк эгаларининг биноларни ўзбошимчалик билан ўзгартирганлик ҳолатлари бўйича аниқланган ҳуқуқбузарликларни фақат мажбурий кўрсатма бериш ёки судлар орқали бартараф этиш ҳуқуқи берилган. Бироқ, фуқаролик ишлари бўйича судларга тақдим этилаётган ушбу мазмундаги материаллар юзасидан инспекция давлат божи тўловини амалга оширмагани аниқланган ноқонуний қурилмаларни жойида бартараф этишга салбий таъсир кўрсатиб келмоқда, дейилади лойиҳада.

Юқорида қайд этилган муаммоларни ҳал этиш, кўп квартирали уйларни сақлаш ва улардан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш йўли билан уй-жой фондлари техник хавфсизлигини таъминлаш ишларида “Уйжойфондинспекция”нинг ролини янада ошириш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 467-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш тартиби тўғрисида”ги низом 4-бандидаги “Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш (бузиб ташлаш)ни ташкил этиш соҳасидаги ваколатли давлат органлари рўйхати”га Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳузуридаги “Уйжойфондинспекция” ва унинг ҳудудий инспекцияларини ҳам киритиш зарурияти туғилаётгани айтилади.

Маълум қилинишича, Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори лойиҳасидаги таклифлар маъқулланиши “Уйжойфондинспекция”га ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш юзасидан тўғридан тўғри фуқаролик судларига даъво аризалари киритиш ҳуқуқини беради. Шунингдек, аниқланган ҳуқуқбузарликларнинг суд қарорлари асосида бартараф этилиши ишларини янада жадаллаштириш орқали жойларда уй-жой фондини сақлаш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасида жой мулкдори шахсий масъулиятини ошириш йўли билан келгусида турар жойларнинг зилзилабардошлиги йўқолиши, уйларнинг ташқи таъсирларга чидамсиз бўлиб қолиши, фуқаролар ҳаёти, соғлиги ва моддий қимматликларининг хавф остида қолдириши олди олинади.