Ўтган ҳафтанинг душанбасида маҳаллий ҳарбийлар ҳокимиятни қўлга олган, улар ўтган йил ноябрида ўтказилган ва «Демократия учун миллий лига» 83 фоиз овоз олиб ғолиб чиққан парламент сайловлари натижалари сохталаштирилганини даъво қилишган, аммо бунга далил келтирилмаган. 

Улар янги сайланган парламент илк йиғилишини ўтказишига йўл қўймасдан, мамлакатда фавқулодда ҳолат ва комендантлик соати эълон қилиб, президент Вин Мьинни, амалда давлатни бошқариб келган Аунг Сан Суу Кини ва юзлаб сиёсатчилар, депутатлар ҳамда партия фаолларини ҳибсга олишганди.

Қаторасига учинчи кун минглаб кишилар кўчаларга чиқиб, демократик бошқарув қайтишини талаб қилишмоқда.

Якшанба куни Мянмада (мамлакат 1989 йилгача Бирма деб аталган) 2007 йилдан кейинги энг йирик намойишлар бўлиб ўтди, 14 йил муқаддам будда монахлари ўша вақтдаги ҳарбий режимга қарши чиқишганди.

Аунг Сан Суу Ки. У қандай қилиб эркинлик куйчисига айланган, аммо кейин Ғарбга хуш келмай қолганди?

Умуммиллий забастовка

Getty Images

BBC Бирма хизмати хабарига кўра, душанба куни ўқитувчилар, тиббиёт ходимлари, ҳуқуқшунослар, банк клерклари ва бошқа давлат хизматчиларидан иборат бўлган ўн мингдан ортиқ киши ишга бормаган ҳамда Нейпидо, Янгон ва Мандалай каби йирик шаҳарларда намойишлар уюштиришган.

Мингга яқин ўқитувчи Янгондаги кварталлар ҳудудидан шаҳар марказидаги машҳур Пагода Суле обидалари томон марш қилиб боришган.

Душанба тонгида Нейпидода полиция иккита водомёт орқали намойишчиларни тарқатиб юборишга уринган, хабарларга кўра бир неча киши жароҳат олган.

Фейсбукда тарқалган видеода жиққа ҳўл бўлган намойишчилар бир-бирининг қўлини тутган ҳолда ҳаракатланишда давом этганини кўриш мумкин.