18:13 / 10.02.2021
40860

Ўзбекистон алоқа бозорида Россиянинг МегаФон компанияси иш бошлайди

«ЮэСэМ Телеком» ва МегаФон ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда янги қўшма корхона – Digital Holding’ни ташкил этишди. Янги қўшма корхона таркибидан мамлакатнинг телекоммуникация бозори илғори бўлган Ucell компанияси ҳамда USM’нинг Ўзбекистондаги активлари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan ўрин олди, деб хабар бермоқда Ucell ахборот хизмати раҳбари Бахтиёр Насимов.

Таъдкидланишича, Ўзбекистон хукумати Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали қўшма корхонага Ucell телеком-операторининг 100 фоиз улушини топширмоқда. Россия томони Digital Holding ривожланиши учун 100 миллион доллар миқдорида инвестиция, шу билан бирга USM’нинг шўъба корхоналари – CRPT Turon ва ICS Holding Uzbekistan таркибга киритмоқда.

Қўшма корхона таркибига кириш учун «ЮэСэМ Телеком» ва МегаФон «Диджитал Инвест» компаниясига асос солиб, унда икки компаниянинг улуши 50 фоиздан тақсимланди. Янги ҚКда «Диджитал Инвест» улуши 51 фоиз, ДАБА улуши 49 фоизга тенг.

Битим доирасидаги жараёнлар 2021 йил давомида якунига етиши кутилмоқда.

«Ўзбекистоннинг рақамли хизматлар бозорида етакчи иштирокчини яратиш ҳам МегаФон, ҳам МДҲ ва Шарқий Европа ҳудуди технологик лидерни барпо этаётган «ЮэСэМ Телеком» стратегияларига мос келади. Ишончимиз комилки, МегаФон, Салоҳиятли технологияларни ривожлантириш маркази ва «ИКС Холдинг»нинг рақамли лойиҳаларни амалга оширишдаги кўп йиллик экспертизаси Ўзбекистондаги соҳанинг энг йирик иштирокчисини ривожлантиришга кўмаклашади», – дейди «ЮэСэМ Телеком» бош директори Иван Стрешинский.

«Рақамли хизматлар истеъмоли нуқтаи назаридан Ўзбекистон МДҲнинг энг салоҳиятли бозорларидан, у сўнгги 10 йил ичида мобил алоқа абонентларининг уч баравардан кўп ўсишини намойиш этган бўлсада, ҳали ҳануз тўйинишдан йироқ. Биз 2021−йил давомида Ucell ичида жиддий таркибий ўзгаришлар қилиш режасидан йироқмиз, кўпроқ жипслашиш ва Ucell’да бизнес ўсиши учун энг яхши амалиётларни татбиқ этишга эътиборимизни қаратамиз», – дейди МегаФон бош директори Геворк Вермишян.

«ЮэСэМ Телеком» –USM холдингининг рақамли бўлинмаси. МегаФон телеком оператори ва «ИКС Холдинг» АТ гуруҳининг 100 фоизини назорат қилади. «ЮэСэМ Телеком»нинг асосий мулкдорлари − USM (80 фоиз акциялар), Иван Стрешинский (10 фоиз) ва Антон Черепенников (10 фоиз).

МегаФон – Россиянинг телекоммуникация бозорида етакчи ўринларда турувчи рақамли имкониятлар миллий оператори. МегаФон Россия телеком бозорининг барча сегментларида, шу билан бирга Абхазия, Жанубий Осетия, ва Тожикистонда фаолият юритади.

Ucell — GSM, UMTS, LTE ва 5G стандартларидаги ўзбек уяли алоқа оператори. 2018 йилнинг 5 декабридан ООО «COSCOM» («Ucell» савдо белгиси) 100 фоиз давлат компанияси ҳисобланади. Ўтган икки йил мобайнида 8 миллион абонентга эга Ucell Ўзбекистон уяли алоқа бозорида етакчига айланди. 2020 йил февраль ҳолатига аҳоли пунктларидаги қамрови  97,6 фоиз (GSM); 72,9 фоиз (UMTS); 60,8 фоиз (LTE)ни ташкил этмоқда. Ucell — Ўзбекистонда 5G стандарти бўйича илк оператор.

Top