Қурилишга рухсат бериш жараёни 84 кунга қисқартирилди. Ҳудудларни ривожлантириш ва қурилишни режалаштириш бўйича Йўриқнома қайта ишлаб чиқилди. Коммунал хизмат корхоналари томонидан 20 миллионга яқин истеъмолчиларнинг маълумотлари қайта кўриб чиқилади.
Ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар Акселератори (Акселератор) доирасида вазирликлар ва идоралар раҳбарияти ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари кураторлари иштирокида онлайн конференция ўтказилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Конференциянинг мақсади – Акселератор гуруҳлари ишини сарҳисоб қилиш ва 100 кунлик муддат доирасида аниқланган муаммоларни баҳолашдан иборатлиги таъкидланган.
Акселераторнинг асосий вазифаси бу - давлат органлари ва ташкилотлари ресурсларини жалб қилиш орқали ижтимоий-иқтисодий ривожланиш соҳасидаги долзарб муаммоларни тезкор ва самарали ҳал қилиш ҳисобланади. Муаммоларни ҳал қилиш муддати одатда 100 кун этиб белгиланади ва мазкур муддат давомида давлат идоралари, хусусий сектор ва муаммога алоқадор бошқа томонлар иштирокида Акселератор гуруҳи ўз ишини олиб боради.
Акселератор доирасида 100 кун ичида қуйидаги 4та йўналиш бўйича муаммолар ўрганилган.
Қурилишга рухсат бериш тизимини соддалаштириш
Қурилишга рухсат бериш жараёни 84 кунга қисқартирилган. Шу билан бирга, тегишли вазирлик ва идоралар томонидан ўзларининг ҳудудий органлари фаолиятини назорат қилиш учун электрон тизимини яратиш мақсадида онлайн платформани бирлаштириш учун ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Шаҳарларнинг бош режаларини ишлаб чиқиш
Гуруҳ томонидан «Ҳудудларни ривожлантириш ва қурилишини режалаштириш бўйича шаҳарсозлик ҳужжатларининг таркиби, ишлаб чиқиш, келишиш ва тасдиқлаш тўғрисида»ги Йўриқнома қайта ишлаб чиқилган. Жумладан:
- Ҳар бир туман, шаҳар ва қишлоқ (овул) аҳоли пунктлари бўйича маҳаллий ҳокимликлар электрон сайтида маълумотлар базасини ташкил этиш орқали ахборот олиш соддалаштирилган.
- Шаҳарсозлик ҳужжатларини ишлаб чиқиш ҳажми қисқартирилган.
- Шаҳарсозлик ҳужжатларини тегишли ташкилотлар билан электрон тартибда келишишни жорий этиш белгиланган.
- Буюртмачи томонидан киритилганидан сўнг бош режаларни ишлаб чиқиш муддати 12 ойдан 10 ойга қисқартирилиши кўзда тутилган.
- Бош режаларни ишлаб чиқиш учун ажратилаётган маблағларни 3-19 фоизгача камайтириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилган.







