Kun.uz 14 феврал – Бобур таваллудининг 538 йиллиги муносабати билан бобуршунослар билан суҳбат ташкил этди.

«Бобур – адолатли шоҳ эди, у давлат мулки ва шахсий мулкни аралаштириб юбормаган»

Абдумажид Мадраимов, тарих фанлари доктори, профессор

— Жавоҳарлал Неру Заҳириддин Муҳаммад Бобур тўғрисида гапирар экан: «Бобур – дилбар шахс», деган эди. Бу бежиз эмас. Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга илтижо қилиб: «Мени тўғрисўз ва одамларга ёқимли қилгин», деган. Мусулмончиликда инсон тўғрисўз ва хуштабиат бўлиши керак. Шу жиҳатдан олганда Неру гапи тўғри бўлади.

Абдумажид Мадраимов

Барча билан муомала қила олиш – аксар давлат арбобларига хос хусусиятлардан. Чунки давлат арбобларини гапирганда уларнинг рабти, забти ва тузуки деган хусусиятларига қаралади. Забти – бирор ерни эгаллаш, рабти – муомала қилиш, тузук эса бошқариш.

Бобур одамлар билан муомала қилишда жуда эътиборли бўлган ва фарзандларига ҳам шундай насиҳатлар қилган. Масалан, Комронга ёзган насиҳат хатида ҳам: «Давлатни бошқармоқчимисан, одамларни доим ёнингга чақириб тур, улар билан яхши муомалада бўл», дейди.

У инсонпарвар етакчи сифатида ҳам ном қолдирган. Хуросондан қайтаётганда, қишнинг изғирин совуғида қолади. Сафдошлари тоғ ёнбағридаги ғорга кириб дам олишни таклиф қилишганда ҳам: «Ҳамма совуқда қолиб мен пана бўлсам, бу инсофданмас», дея рад қилади.

Бобур ва унинг отаси Умаршайх учун адолат юқори ўринда турган. Хусусан, давлат мулки ва шахсий мулкни аралаштириб юбормаган. «Бобурнома»да отасининг шундай бир адолатини айтиб ўтади. Бир карвонни қор босиб, одамлари ўлганда, икки йилча ўша мулкни сақлаб эгаларига берган, дейди.

Заҳириддин Бобурнинг жисмоний томондан бақувватлигига тўхталсак, Самарқанд ҳимоясида икки одамни икки қўлтиғида кўтариб бемалол юрган. Кобулда фитна уюштирилиб жанг бўлганда, бир ўзи беш одамни енгган, жисмоний жиҳатдан ҳам бақувват бўлган. Отаси ҳақида ҳам «Бобурнома»да: «Отам ҳар қандай йигитни бир мушт зарби билан отдан ағдарарди», дейди.