У бир ойдан буён уй қамоғида сақланмоқда. Аввалига уни мамлакат ҳудудига бир нечта рацияни ноқонуний йўл билан олиб кириб, импорт тўғрисидаги қонунни бузишда айблашганди. Кейинроқ фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонунни бузиш айблови ҳам ишга тиркалган, душанба куни эса у сайлов кампанияси даврида санитар нормаларни бузиш орқали эпидемиологик хавф туғдиришда ҳам айблана бошланди.

Дастлабки айбловга кўра уч йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилади, аммо эндиликда 75 ёшли сиёсатчига қанча муддат берилиши ноаниқ. Кейинги суд мажлиси 15 март кунига белгиланган.

Мамлакатнинг ағдарилган президенти, Суу Кининг яқин сафдоши Вин Мьин ҳам қамоқда. У фитна қўзғашда айбланган, Мянма қонунларига кўра бу айблов учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган.

Одамлар яна кўчада
Мянмадаги давлат тўнтариши 1 феврал куни рўй берганди. Ўшандан буён бутун мамлакат бўйлаб оммавий намойишлар ва иш ташлашлар бўлиб ўтмоқда. Якшанба кунги тартибсизликлар вақтида 18 киши ўлдирилганига қарамай, душанба куни ҳам кўплаб шаҳарларда одамлар яна ҳарбийлар ҳокимиятига қарши кўчаларга чиқишди.

Халқ қонуний сайланган ҳукуматни тиклаш ва «Демократия учун миллий лига» (NDL) партияси етакчиси Аунг Сан Суу Ки ва мамлакатнинг бошқа раҳбарларини зудлик билан озод этишни талаб қилмоқда.

«Франс пресс» агентлиги хабарига кўра, душанба кунги акциялар вақтида ҳам ўқ овозлари эшитилган ва одамлар тарқаб кетган. Намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ҳам қўлланган.

Янгонда намойишчилар кўчаларда мебеллар ва бамбук тахталаридан баррикадалар ўрнатишга уринмоқда. Мамлакатда намойишлар бошидан буён ҳалок бўлганлар сони расман 21 нафар, якшанба кунги намойишлар вақтида одамлар ўққа тутилиши оқибатида 18 киши ҳалок бўлганди.

«Халқ иродасини ҳурмат қилиш»
Ҳарбий хунта ўтган йил ноябридаги парламент сайловларида қўпол қоидабузарликларга йўл қўйилгани туфайли ҳокимиятни қўлга олганини иддао қилади - сайловларда «Демократия учун миллий лига» партияси катта устунлик билан ғалаба қозонганди. Ҳарбийларнинг фикрича, бундай устунликка фақатгина натижаларни сохталаштириш йўли билан эришиш мумкин.