Сешанба куни Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) ТИВ раҳбари 1 феврал куни Мянмада давлат тўнтариши амалга ошириб, ҳокимиятни эгаллаб олган ҳарбийларнинг вакиллари билан музокара ўтказди.

Музокаралар мазмуни ҳақида хабар қилинмаган, аммо қатор мамлакатлар ҳукуматлари генералларга демократик бошқарув етакчиси Аунг Сан Суу Кини озодликка чиқаришни ва намойишчиларга қарши зўравонликларни тўхтатишни талаб қилишмоқда.

Мамлакат ичкарисида эса дам олиш кунларида намойишлар қонга ботирилиб, 20дан ортиқ киши ўлдирилганига қарамай, намойишчилар кўчаларга қарши чиқишда давом этмоқда.

Сешанба куни ҳам полиция норозилик акциялари иштирокчиларини куч билан тарқатди. Намойишлар бошидан буён олти нафар журналист қўлга олинган, улардан бири Associated Press ходимидир.

75 ёшли Аунг Сан Суу Ки -  демократик йўл билан сайланган ҳукуматда давлат маслаҳатчиси сифатида амалда мамлакатни бошқарарди. У давлат тўнтаришининг биринчи кунидаёқ ҳибсга олинган ва 1 март куни унинг устидан суд жараёни бошланган.

Дипломатлар нималар дейишди?

Жануби-шарқий Осиё давлатлари ассоциациясининг (АСЕАН) дипломатик бўлимлари раҳбарлари видеоалоқа орқали ҳукуматни эгаллаб олган ҳарбийлар билан музокаралар ўтказишган.

АСЕАН сайтида музокаралар якунлари бўйича қисқа хабар жойлаштирилган, унда ташкилот қонунлар устуворлиги, демократия, конституцион бошқарув, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига ҳурмат принципларига содиқ экани таъкидланган.

Филиппин ТИВ раҳбари Теодоро Локсин твиттердаги саҳифасида, учрашув тафсилотларини ошкор эта олмаслигини ёзган, шу билан бирга, бу учрашув «ажойиб» бўлганини ёзган. Аввалроқ у ташкилот аъзолари бошқа мамлакатлар ички ишларига аралашмаслиги принципи нотўғри қарорларга «автоматик рухсат беришни ёки жимгина рози бўлишни» англатмаслигини айтиб ўтганди.

Индонезия ТИВ раҳбари Ретно Марсуди Мянма ҳарбийларини сиёсий маҳбусларни озод қилиш ва мамлакатни демократия йўлига қайтаришга чақирган.

Учрашув арафасида Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун BBC учун берган интервьюсида зўравонликларни қоралаган ва Аунг Сан Суу Кини озод этишга чақирганди. Ушбу шаҳар давлат ташқи ишлар вазири эса дипломатлар хунта вакиллари билан мулоқот вақтида мамлакатда рўй бераётган зўравонликларга норозиликларини билдиришларини айтиб ўтганди.