«Мамлакатнинг йирик шаҳарлари Тяньаньмэнь майдонига айланди», дея ёзган твиттерда Янгон шаҳри архиепископи, кардинал Чарльз Маунг Бо. У мамлакатда бўлиб ўтаётган воқеаларни 1989 йилда Пекинда талабаларнинг исёни қаттиққўллик билан бостирилганига қиёслаган.

БМТ бош котибининг Мянма бўйича махсус вакили Кристин Шранер-Бургенер чоршанба кунини мамлакатда феврал ойидан буён кузатилган «энг қонли кун» деб атади.

Кузатувчилар, намойишчилар ва журналистлар полициячиларнинг хатти-ҳаракатлари Жанубий-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси (АСЕАН) вакиллари ҳарбийлар билан ўтказган музокаралардан кейин янада тажовузкор бўлиб қолганини қайд этишмоқда. Сешанба кунги видеоалоқа орқали ўтказилган учрашувда Мянманинг янги тайинланган ҳарбий вазири қатнашган. Ҳарбийлар таъсиридаги телеканаллар хабарларида «у минтақавий ва халқаро масалалар бўйича фикр алмашгани» айтилган.

АСЕАН дипломатлари бир овоздан Мянманинг ҳарбий ҳукуматини намойишчиларни отишни тўхтатишга чақиришганди, аммо барча ҳам мамлакатнинг фуқаролик даври ҳукумати раҳбарлари, шу жумладан, «Демократия учун миллий лига» партияси раҳбари Аунг Сан Суу Ки ва президент Вин Мьинни озод этиш талаби бўйича якдил бўлишмаган. Reuters хабарига кўра, АСЕАН аъзоларидан фақат тўрт давлат - Индонезия, Малайзия, Филиппин ва Сингапур уларни озод қилиш ва демократик йўл билан сайланган парламентни қайтариш талабини қўйишган.

Анъанага кўра, минтақавий гуруҳнинг 10 аъзо давлати бир-бирининг ички ишларига аралашмайди. Йиғилиш якунлари бўйича баёнот 2021 йилда ташкилотга раислик қилаётган Бруней вакили томонидан берилди, унда генераллар зўравонликни тўхтатиш ва тинчликка эришиш учун музокаралар бошлашга чақирилган. Бу ташкилот аъзоларининг қўшма баёноти бўлган.

Фуқаролик бўйсунмаслик ҳаракати томонидан уюштирилган намойишлар Мянманинг кўплаб шаҳарларида ўтказиб келинмоқда. BBC’нинг Жанубий-Шарқий Осиё бўйича корреспонденти маълумотларига кўра, чоршанба куни Мандалай ва Монивада ўлдирилганларнинг аксарининг бошидан отилган, бу эса ҳарбийлар намойишчиларни нишонга олиб отаётганидан дарак беради.

Шу куни мамлакатнинг энг йирик шаҳри Янгонда полиция туманлардан бирининг аҳолисини йиғиб, уларни сафга тизиб, қўлларини бошга қўйган ҳолда юк машиналарига чиқаришган ва олиб кетишган. Мингян шаҳридаги намойишчилардан бири Reuters агентлигига айтишича, полиция аввалига кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталар қўллаган, кейин эса жанговар ўқлар ота бошлаган.