BBC’нинг Девид Аттенборо томонидан суратга олинган «Dynasties» («Сулолалар») деб номланган ҳужжатли фильмида тасвирчи ёрдамчиси бўлиб ишлаган Кристман ўзининг «Penguin: A Story of Survival» («Пингвин: омон қолиш ҳақида ҳикоя») номли китобида Антарктидада олган баъзи фотосуратларини эълон қилди.

Кристман Антарктидадаги илк қишини 2012 йилда – Альфред Вегенер институтида геофизик бўлиб ишлаган кезларида кечиради. У қарийб 15 ойни Атка кўрфази яқинида жойлашган ва ҳар йили минглаб император пингвинлари тўпланувчи институт станциясида ўтказади.

Фотосуратчи Антарктидада кечган кунларини «ниҳоятда ҳаяжонли ва айни пайтда зерикарли» деб ифода этди: «Станция жуда катта ва замонавий. Шу боис, одатий ҳаёт тарзида бирор нарсани соғинишингизга ҳожат йўқ. Бошида ҳаммаси жуда янги ва ҳаяжонли туюлади. Аммо кейин дўстларингизни, оилангизни ва кундалик юмушларингизни соғинасиз».

«Энг ёмони, баъзан бир неча ҳафталаб давом этувчи ва станцияни беланчакдай тебратувчи бўронлардир. Бундай кунларда киши ўзини худди қамоққа тушиб қолгандай ҳис қилади. Аммо бу – станция ҳаётининг бир қисми эканини, ёмон кунлар яхши кунларнинг қадрини оширишини англайсиз».

Кристман 2016 йилда BBC Natural History гуруҳидаги икки ҳамкасби билан «Dynasties» («Сулолалар») сериалини суратга олиш учун Антарктидага яна қайтиб келади.
«Кимдир билан ёки ҳеч қачон», дейди Кристман Антарктидада ёлғиз қишлаш қарори ҳақида.

Фотосуратчининг айтишича, пингвинларнинг бир жойга тўпланиш «маросим»и совуққа қарши махфий қурол бўлиб, у омон қолишнинг ўзига хос стратегиясидир.
«Улкан бир инкубатор маханизми каби ҳаракат қилувчи пингвинлар олдиларидаги шерикларининг елкасига бошларини суқиб, бир-бирларига жуда яқин ҳолда туришади. Натижада бирлашган таналар шундай бир ҳарорат яратадики, тўда марказида у ҳатто 37 даражага етиши мумкин», дейди Кристман.













