Кутиб олиш. Фарқ
Садир Жапаров Ўзбекистонга келишдан аввал Қозоғистон ва Россияга борди. Ўзбекистонда у шунчалик яхши кутиб олиндики, табиийки, одамлар олдинги кутиб олишлар билан таққослай бошлашди. Қирғизистон президентини кутиб олиш учун аэропортга шахсан ҳукумат раҳбари, бош вазир Абдулла Арипов чиқди. Қозоғистонда уни ташқи ишлар вазири кутиб олганди. Россияда эса кутиб олган одам ким экани ҳам айтилмади ва бу ҳақда турли хунук миш-мишлар ҳам тарқалганди.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари Жапаровнинг Россия ва Ўзбекистонда кутиб олинишининг яна бир жиҳатига эътибор қаратишди. Президент бўлгач, кортежлардан воз кечишини айтган Жапаровга Россия ҳукумати томонидан учта енгил машина ва қўриқчилар учун битта микроавтобус ажратилди. Ўзбекистонда эса Жапаров учун янада катта кортеж ажратилди.

Аслида бу эътибор берадиган нарса эмас, лекин одамларнинг назаридан четда қоладиган ҳолат ҳам эмасди.
Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифининг биринчи кунида расмий учрашувлардан кейин ўзига хос байрам ўтказилди. Унда қирғизча қўшиқлар айтилди, қирғиз миллатининг анъаналари ёдга олинди, мамлакатда яшаётган қирғиз миллати вакиллари Жапаров билан суҳбатлашди.
Ташрифнинг иккинчи кунида Ўзбекистон Қирғизистонга беғараз ёрдам сифатида 20та замонавий жиҳозланган тез ёрдам машиналарини совға қилди. Шунингдек, Жапаровга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган машиналар, автобуслар ва турли хил техникалар кўрсатилди. У Ўзбекистон президенти билан бирга Фахрий меҳмонлар хиёбонига кўчат ўтказди ва бу икки миллат ўртасидаги муносабатлар янада яхшиланишига умид сифатида қаралди.
Ўзбекистоннинг Қирғизистон билан муносабатлари доим долзарб бўлиб келган. Чегарадош билан ўртада кўнгилсиз воқеалар бўлгани ҳам яширадиган нарса эмас, шу сабаб Қирғизистонга бўлган илиқ муносабат нафақат давлат сифатида Ўзбекистон учун, балки Қирғизистонда яшаётган ўзбеклар учун ҳам катта аҳамиятга эга. Шу жиҳатдан қарайдиган бўлсак, Жапаров кутиб олинганда, унинг ташрифи давомида кўрсатилган юксак меҳмондўстлик олқишлашга муносиб иш.
Қандай келишувларга эришилди?
11 март куни Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров иштирокида тор доирада ва икки мамлакат расмий делегациялари иштирокидаги кенг доирадаги музокаралар якунлангач, имзоланган ҳужжатларни алмашиш маросими бўлиб ўтди. Ташриф доирасида кўп қиррали Ўзбекистон—Қирғизистон шериклигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22та ҳужжат имзоланди.









