«Эртадан коронавирус аниқланган ва касаллик тарқалиши занжири юз бераётган мактаблар карантинга ёпилади. Ўқиш эса тўлиқ онлайн олиб борилади. Шундан кейин 20 мартдан баҳорги таътил бошланади.
Баҳорги таътилдан кейин нима бўлиши бўйича эса вазиятга қараб қарор қабул қилинади. Бугун ҳокимиятда ўтган йиғилишда шундай топшириқ берилган», деди шахси сир қолиши шарти билан маълумот берган манба.
Ҳозирча Тошкентдаги айнан қайси мактабларда вирус аниқлангани хабар қилинмаган.
Маълумот учун, мактабларда баҳорги таътил 20 мартдан 28 мартгача давом этади. 2021 йил 29 мартдан ўқув йилининг 4-чораги бошланади.
Ўзбекистонда сўнгги кунларда коронавирус аниқланиши билан боғлиқ кунлик ҳолатлар ўсмоқда. 14 март куни беморлар сони 111 нафарга ошган ва шундан 93таси Тошкент шаҳрида қайд этилган. Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги маркази Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи Малика Қудратхўжаева пойтахтда асосан мактаблар ўқувчилари, талабалар ва ташкилотлар ходимларида вирус аниқланаётганини маълум қилган.
Бундан олдинроқ Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги 117-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчилар ва тарбиячиларда коронавирус аниқлангани, натижада боғча иш фаолияти вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилганди.
















