БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси маълумотларига кўра, шанба куни Мянмадаги намойишларни бостириш вақтида 90дан ортиқ киши ўлдирилган.
Сиёсий маҳбусларга кўмак кўрсатиш ассоциацияси (ААРР) маълумотига кўра, ҳуқуқ муҳофазаси фаолияти ва мониторинги билан шуғулланувчи маҳаллий ташкилот камида 91 кишининг ўлимини, шу жумладан, болалар ҳам ҳалок бўлганини тасдиқлаган.
Myanmar Now янгиликлар портали шанба куни 114 киши полициячилар қўлидан ҳалок бўлгани ҳақида хабар тарқатди. Хабарга кўра, Мянманинг иккинчи энг йирик шаҳри бўлмиш Мандалайда камида 29 киши, шу жумладан, 13 ёшли бола ўлдирилган, мамлакат пойтахти Янгонда камида 24 намойишчи ҳалок бўлган.
Журналистлар ва фаолларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 1 феврал кунидан буён тўқнашувларда камида 440 намойишчи ўлдирилган; 3 мингдан ортиқ киши ҳибсга олинган; полиция доимий равишда кўчаларда йиғилганларга ўт очиб келмоқда.
Бу вақтда пойтахтда анъанавий ҳарбий парад ўтказилди, бундай парадларда одатда Мянмада фаолият кўрсатувчи хорижлик дипломатлар ташриф буюради. Аммо бу йилги парадни Россиядан бошқа барча давлатларнинг вакиллари бойкот қилишди.
АҚШ, Британия ва Европа иттифоқи зўравонликни қоралаб келмоқда. Бу давлатлар аллақачон ҳарбий хунта етакчиларига қарши санкциялар жорий этишган.
«Куч ишлатар тузилмалар қуролсиз тинч аҳолига ўт очиб, ўзларига шармандалик либосини кийишди», деган Буюк Британиянинг Мянмадаги элчиси Дэн Чагг.
Нишонга олиб отиш
Жума куни кечқурун Мянмадаги давлат телевидениеси одамларни намойишларга чиқмасликка чақирди: «Қўрқинчли фожиалар ва одамларнинг ҳалокатидан кейин сиз тушунишингиз керакки, сизни орқангиздан ёки бошингиздан отишлари мумкин», дейилган хабарда.

Расмийлар хавфсизлик кучларига намойишчиларни нишонга олиб отиш бўйича кўрсатма берилгани ҳақида очиқ айтишмайди. Аввалроқ ҳарбийлар намойишлар вақтида ҳалок бўлганлар оломон орасидан туриб ўққа тутилгани ҳақида айтишган, шу билан бирга, бунга ҳеч қандай асос келтиришмаганди.




















