Нима воқеа юз берди?
Урганч шаҳар, Ислом Каримов кўчасидаги 16-уй биноси (собиқ «Матбуот уйи») Мудофаа вазирлигига қарашли «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми» тасарруфида ҳисобланади. Бинонинг 500 кв.м. ҳудудга эга «фаоллар зали» 2020 йилда E-auksion электрон савдо майдончаси орқали ижара савдосига қўйилган.
2020 йил 9 апрель куни ўтказилган аукцион савдосида ELCOMAX BIZNESS МЧЖ уни 43,5 млн сўм ижара тўловини амалга ошириш шарти билан ютиб чиққан. Бироқ, МЧЖ раҳбари Элёрбек Гаипов қарийб 1 йилдан бери мулкдан фойдалана олмаяпти.

Муаммо нимада?
Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги бўш турган объектлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш марказининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси берган маълумотга кўра, тадбиркор дуч келган муаммонинг асосий сабаби – олдинги ижарачи томонидан бино бўшатиб берилмаганидир.
«Ижара шартномаси бекор бўлишига қарамай, бино ҳудудининг олдинги ижарачиси «Сафарниёз Хайрулла» хусусий корхонаси раҳбари Нурия Сафарниязова пандемия сабабли жорий қилинган карантинни рўкач қилиб, «фаоллар зали»ни «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми»га қайтариб топширмаган. Шу билан бирга, Нурия Сафарниязова бино ҳудудида таъмирлаш ишлари ўтказганини рўкач қилиб, объектни бўшатиб бермаслик мақсадида турли инстанцияларга шикоят қилиб келмоқда», дейилади маълумотда.
Ҳудудий бошқарма томонидан «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми»га аукцион ғолиби бўлмиш ELCOMAX BIZNESS МЧЖ билан ижара шартномаси орқали мулкни фойдаланишга бериш лозимлиги ҳақида 2 та огоҳлантириш хати юборилган.
Бошқарма берган маълумотга кўра, «Нукус ҳудудий уй-жойдан фойдаланиш қисми» бино ҳудудидан ноқонуний фойдаланиб келаётган «Сафарниёз Хайрулла» хусусий корхонасини бинодан чиқариш бўйича Хоразм вилояти судига 2020 йил 19 июнь куни даъво аризаси киритган. Аммо суднинг ҳал қилув қарори ҳанузгача қабул қилинмаган.

«Фаоллар зали» ёпиқ, олдинги ижарачи топилмади
Ҳолатни ўрганиш жараёнида 500 кв.м. ҳудудга эга «фаоллар зали» эшиги ёпиб қўйилганини кўрдик. Мулкнинг олдинги ижарачиси «Сафарниёз Хайрулла» хусусий корхонаси раҳбари Нурия Сафарниязова билан боғланишнинг эса иложи бўлмади. У барча қўнғироқларни жавобсиз қолдирди.

















