АҚШдан Украинани қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги баёнот келди.

Шундай қилиб, Украина-Россия инқирози яна бир бор халқаро кун тартибининг долзарб мавзусига айланди.

Рус аҳоли ва руспарастлар устун бўлган Донбассда (Донецк ва Луганск) бир томонлама мустақиллик эълон қилингандан сўнг, айирмачилар ва Украина армияси ўртасида кечаётган тўқнашувлар 2014 йилдан бери давом этмоқда.

Донецкнинг Шуми шаҳрида 26 март куни мерганлар томонидан отилган ўқлар туфайли тўрт нафар украин аскари ҳалок бўлди, икки нафари эса яраланди.

Шундан сўнг, Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба Донбассдаги кескинликнинг кучайиши ортидан халқаро ҳамжамиятни «Россияни қаттиқ қоралаш»га чақирди.

Украина Бош штаби бошлиғи Руслан Хомчак Россия ҳарбий машқлар ниқоби остида Украина чегарасидаги Брянск ва Воронежга, шунингдек, Қримга ҳарбий юклар етказиб берганини айтди.

Хомчак, шунингдек, Россия-Украина чегаралари, Қрим ва Донбассда Россия армиясининг 28 батальони мавжудлигини, яқинда Россия чегара ва Қримга қўшимча равишда 25та батальон юборишни режалаштираётгани, бу ҳолат эса Украинанинг ҳарбий хавфсизлигига таҳдид солаётганини билдирди.

30 март куни New York Times нашри Украина шарқидаги вазият кескин ёмонлашгани, хусусан, чегара бўйлаб Қримга ҳарбий бўлинмалар юборилгани ҳақида мақола эълон қилди.

Март ойи охирида ижтимоий тармоқларда бир неча марта россиялик ҳарбийлар техникаси ҳарбий полигондан ташқарида, хусусан, Қрим кўприги бўйлаб ҳаракатлангани акс этган фото ва видеолар тарқалганди. 

Украина разведкаси: «Россия кенг кўламли провокацияга тайёрланмоқда»

Украина мудофаа вазирлигининг разведка бошқармаси Россия Украинага қарши «кенг кўламли» провокацияга тайёрланаётганини иддао қилди.

«Босқинчиларнинг душманлик ҳаракатларига нисбатан Украина ҳарбий жавоб бериш»ни мақсад қилгани айтилган мазкур баёнотда «Донецк ва Луганск халқ республикалари» деб аталган ҳудудларда Россия ўз ҳарбий кучларини кўпайтиришни режалаштираётгани таъкидланади.

Разведка агентлиги «Россия босқинчи қўшинлари» Украина ҳудудига кириб боришга уринишлари ҳам содир бўлиши мумкинлигини айтди.