1809 йилда француз императори Наполеон Бонапарт Австрия билан урушга тайёрланаётганди, аммо унинг генерал Огюст де Мармон бошчилигидаги сараланган қўшинлари асосий кучлардан ажралиб қолганди. Наполеон ўгай ўғли, Италия вице-қироли Эжен де Богарнега генерал билан боғланишни буюради. У эса де Мармонга ҳарбий режа акс этган шифрланган мактуб юборади. Шифр калити сақланиб қолмагани туфайли унинг мазмуни 200 йилдан ортиқ вақт давомида номаълум бўлиб қолаётганди. GPT-6 Astra нейрон тармоғи эса уни тахминан олти соат ичида ўқиб чиқди.
SentinelOne компаниясининг сунъий интеллект муҳандиси ва киберхавфсизлик бўйича мутахассиси Картер Черч GPT-6 Astra ёрдамида хатни расшифровка қила олди, бу ҳақда у ўз блогида маълум қилган.
Наполеон бу мактубни 1809 йилда ўз генерали Огюст де Мармонга юборганди. 1969 йилда ушбу хат нусхаси француз армияси журналида чоп этилган. Черч уни Cryptiana тарихий криптография блоги орқали топиб олган. У яқинда нейрон тармоғи Иккинчи жаҳон уруши давридаги «Энигма» шифрлаш машинаси хабарини очиқлай олганидан хабар топиб, Наполеоннинг хатини ҳам GPT-6 Astra орқали ўқишга қарор қилади.

Astra расшифровка учун олти соат атрофида вақт сарфлади. Наполеоннинг мактуби гомофоник шифр ёрдамида тузилган бўлиб, унда ҳар бир ҳарфни ифодалаш учун бир нечта шартли белгилар кўзда тутилган. 33 та белги аввалроқ расшифровка қилинганди. Astra хатни қаторларга ажратди, ундаги 175 та қўлёзма белгини таниди ва номаълум белгилар учун қийматларни кўриб чиқиб, улардан ҳақиқатга ўхшаш матн чиқишини текшириш орқали шифрни буза олди.
Назарий жиҳатдан, буни қўлда ҳам бажариш мумкин эди, аммо бу жуда узоқ чўзиладиган ва машаққатли жараён бўларди, дея қайд этади The Telegraph.
Маълум бўлишича, Наполеон де Мармонга юборган мактубида француз қўшинларининг Австрия билан уруш бошланишидан олдинги жойлашуви ва миқдори баён қилинганди. Император генералини австрияликлар қаерга ҳужум қилмоқчи эканидан огоҳлантириб, уни душман қаршисида ортга чекинмасликка чақиради. «Жангга кириш ҳақида буйруқ олганингизда бир неча ҳарбий отрядлар ёки қора халқ тўдаси сизни чўчитишига йўл қўйманг», – дея ёзганди Наполеон.
Де Мармон учун 1809 йилги уруш муваффақиятли якунланади: у француз қўшинини Далмациядан (ҳозирги Хорватия ҳудуди) олиб чиқиб, Наполеоннинг асосий кучлари билан қўшилади ва кампания доирасидаги сўнгги йирик жангда иштирок этади. Ғалабадан кейин Наполеон унга маршал унвонини беради.








