5 апрель куни жиноят ишлари бўйича Чирчиқ шаҳар судида Тошкент вилояти юқумли касалликлар шифохонаси собиқ бош шифокори Гулжаҳон Йўлдошева ва бошқаларга суд ҳукми ўқилди.

Суд ҳукми билан, Гулжаҳон Йўлдошева Жиноят кодексининг:

  • 167-моддаси 2-қисми «а, б, в, г» бандлари (растрата йўли билан талон-торож қилиш);
  • 207-моддаси 3-қисми «а» банди (мансабга совуққонлик билан қараш);
  • 209-моддаси 2-қисми «а» банди (мансаб сохтакорлиги)да назарда тутилган жиноятларни содир этган деб топилди.
7Zd_QsOlk5T54SpYadzWrRh_dg-91unn.jpg (1000×650)
Гулжаҳон Йўлдошева

Шифокор, шунингдек, ЖКнинг 25,167-моддаси 3-қисми «а» банди билан ҳам айбланган эди, аммо у ушбу айблов бўйича суд томонидан ЖПКнинг 83-моддаси 1-қисмига асосан реабилитация қилинди.

Йўлдошева 3 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатиладиган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 4 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Унга нисбатан соат 22:00дан 06:00гача яшаш жойини тарк этмаслик, рухсатсиз яшаш жойини ўзгартирмаслик каби чекловлар киритилди.

NMJ7B3zluPTt_dKd5nbP-LhxnVNXmvW-.jpg (1000×650)
Шейхназар Рўзметов

Суд ҳукми билан, судланувчи Шейхназар Рўзметов (шифохонанинг собиқ инфекционист шифокори) ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми, 228-моддаси 2-қисми «а, б» бандлари, 228-моддаси 3 қисмида назарда тутилган жиноятлар содир этганликда айбдор деб топилди.

Ш.Рўзметов тайинланган жазоларни қисман кўшиш йўли билан 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, 3 йил муддатга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинди.

Ш.Рўзметов 2020 йил 4 октябрда ушланиб, 2020 йил 22 октябрга қадар қамоққа олиш эҳтиёт чораси кўлланилганини инобатга олиб, тайинланган озодликни чеклаш жазоси муддатидан 18 кунни чегириб, ўташ учун унга 1 йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил 11 ой 12 кун муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.