Жаҳон | 18:56 / 08.04.2021
10181
2 дақиқада ўқилади

Меркел Путиндан Украина билан чегарадаги қўшинларни кучайтирмасликни талаб қилди

Меркел ва Путин телефон орқали мулоқотда, шунингдек, Навальний, Сурия, Ливия ҳамда Босния ва Ҳерцеговина мавзуларини муҳокама қилди.

Фото: EPA-EFE

Германия канцлери Ангела Меркел Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали қилган мулоқотида Донбассдаги низо ва бошқа мавзуларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Германия вазирлар маҳкамаси вакили Улрике Деммер маълум қилди.

«Шу билан бирга, Украина шарқида Россия қўшинларининг кучайтирилиши суҳбат мавзуси бўлди. Канцлер вазиятни юмшатиш учун қўшинларни кучайтиришдан воз кечишни талаб қилди», – деди Деммер.

«Бундан ташқари, Сурия, Ливия ҳамда Босния ва Ҳерцеговина мавзуси муҳокама қилинди. Шунингдек, Навальний мавзуси кўтарилди», – деди у.

Ўтган ҳафтада Руслан Хомчак Россия бўлажак «Ғарб 2021» ҳарбий машғулотларига тайёргарлик баҳонаси остида Украина билан чегарага – Брянск ва Воронеж областлари ҳамда Қримга қўшинларини жойлаштираётганини айтганди.

Россия президентининг матбуот котиби Дмитрий Песковнинг сўзларига кўра, «Россия мамлакат ҳудуди ичида қўшинларини кўчиришга ҳақли, бу бошқа мамлакатларга нисбатан таҳдид уйғотмайди».

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид