15:29 / 09.04.2021
3188

Ўзбекистон туманида тиббиёт бирлашмаси ходимларининг иш ҳақлари ер ва мол-мулк солиғига ушлаб қолинди. Вилоят солиқ бошқармаси бунга изоҳ берди

Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмаси ходимлари ер ва мол-мулк солиқларини тўлашга мажбурланаётгани, бунинг учун ходимларнинг иш ҳақлари тўлиғича солиқ учун ушлаб қолинаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. 

Фарғона вилояти солиқ бошқармаси ахборот хизмати мазкур хабарлар юзасидан расмий муносабат билдирди. Таъкидланишича, жисмоний шахслар мол-мулк ва ер солиқларини ўз муддатларида тўламаган тақдирда, ҳар бир кечиктирилган кун учун белгиланган миқдорда пеня ҳисобланади.  

Солиқ идоралари томонидан солиқ тўловчиларга ер ва мол-мулк солиқларини ўз вақтида тўлашларини таъминлаш мақсадида тўлов хабарномалари жўнатилган. Хусусан, Ўзбекистон тумани тиббиёт бирлашмаси 590 нафар ходимининг ер ва мол-мулк солиқларидан жами 104,5 миллион сўм миқдоридаги қарздорликларини ўз вақтида тўлаш юзасидан ҳам хабарномалар берилган.  

Маълум бўлишича, ходимларнинг розилигига асосан, 2021 йил февраль ойи иш ҳақидан жами 22 миллион сўм солиқ тўловлари учун ушлаб қолиниб, бюджетга ўтказиб берилган ва ходимларга Давлат солиқ инспекцияси томонидан тўлов маълумотномаси тарқатилган.

Шунингдек, бошқарманинг Ўзбекистон туман молия бўлимига таяниб хабар беришича, тиббиёт бирлашмаси ишчи ходимларининг 2021 йил март ойи иш ҳақлари банк пластик карталарига ўтказиб берилган.

Top