Самарқанд вилояти Иштихон тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Ойбек Усмонов ходимларини қўпол, жинсий мазмундаги сўзлар билан ҳақоратлади ва Kun.uz суриштируви ортидан унга ҳайфсан жазоси берилгани маълум бўлди.
Kun.uz’га келиб тушган аудиода Ойбек Усмонов ходимларига мурожаат қилиб, уни ишни бажармаётганликда айблайди. У давлат ишини талаб қилаётганини айтиб, ходимни шахсий қадр-қимматини қўпол камситувчи иборалар билан ҳақорат қилади. Суҳбат давомида таҳдидомуз гаплар ҳам янграйди.
Ёзувнинг бошқа қисмида Усмонов бир ходимдан қанча тушум қилинганини сўрайди. «Ўн бир миллион» деган жавобдан кейин уни ҳақорат қилади. Шунингдек, ходимлардан бирига нисбатан «буниям уч кунлик муддат билан аризасини оласан», деган гапни айтади. Бошқа бир ходимни эса «туфли артадиган латтагаям арзимайсан», дея камситади. Бошлиқнинг сўзларига кўра, у қўл остидаги ходимларни деб «бошқармадан гап эшитяпти».
Самарқанд вилояти солиқ бошқармасининг маълум қилишича, ҳолат бошқарма ҳамда комплаенс бўлими томонидан ўрганилган. Текширув якунлари бўйича Ойбек Усмоновга ҳайфсан интизомий жазоси берилган. Шунингдек, уни бошқа ҳудудга ротация қилиш бўйича Солиқ қўмитасига таклиф киритилган.
















