Диетолог ва соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси, блогер Рашид Усмонов ўз тажрибалари ва кузатишларидан келиб чиқиб, рўза тутиш мобайнида соғлиққа ножўя таъсир кўрсатувчи айрим хатолар, хусусан, нотўғри овқатланиш ҳақида гапириб берди. У айниқса пандемия даврида яшаётганимиз учун аҳамият беришимиз лозим бўлган муҳим жиҳатларга ҳам тўхталиб ўтган.

Рамазон ойига тайёргарлик

Парҳезшунослар организмни ҳар қандай очлик ва парҳезга тайёрлагани каби, аслида, Рамазонгача ҳам нафл рўза тутиб, парҳез қилиб, соғлигимизни тиклаб, тайёргарлик кўриб олиш керак.

Рамазон рўзасини тутишдан икки-уч кун аввал ошқозонда кислотавийликни оширувчи маҳсулотларни чеклашимиз, айниқса, тўйиб овқатланишдан ўзимизни сақлашимиз лозим. Айримлар «эртадан рўза», дея бир-икки кун ҳаддан зиёд кўп ва кучли овқатланиб олишади ва бу жараён рўзанинг илк кунларида уларнинг қийналишига сабаб бўлиши мумкин. Чунки ички аъзолар яна шунча овқат ейилишини кутади, иштаҳа очилиб, шунга тайёр туради.

Рўза тутаман деган одам, аввало, ишонч билан бошлаши керак. Оч юришга чидай олишингизга ишонсангизгина бутун ички органларингиз эрталабдан кечгача емаслик ҳолатини тушуниб, шу шароитга мос фаолият юритади. Сизнинг ишончингиз бутун ички аъзоларга шомгача оч юришга сигналдир. Ишончнинг кучлилиги эса фарз амални Аллоҳнинг розилиги учун бажариш кераклигини англаб, ниятни тўғри қилишга боғлиқ.

Саҳарлик

Эрталаб уйғонганимиз ҳамоно дастлаб илиқ сувга имкон бўлса бир чой қошиқ асал аралаштириб ичиб олиб, кейин саҳарликка тайёргарлик кўрилса, 10–15 дақиқадан сўнг еган таомимиз сув билан аралашмайди ва ноқулайликлардан қутуламиз.

Саҳарликда асосий ичимлик сув бўлиши лозим.

Энди эса саҳарлик қилиш учун уч хил энг фойдали маҳсулотларни келтириб ўтамиз.

  1. Саҳарликда имкон қадар тез ҳазм бўлмайдиган ва юқори калорияга эга донли маҳсулотларни истеъмол қилиш лозим. Булар: сули бўтқаси, ширгуруч, мастава ва шу кабилар.
  2. Сут маҳсулотларидан энг аввало ширчой, ундан ташқари, творог, қатиқ, сметана маҳсулотлари билан кун давомида чанқамасдан юришимиз кузатилган.